Алоқа | Обуна

Элининг ҳурматини қозонган инсон

Орамизда қанчадан-қанча яхши инсонлар борлиги бизга маълум. Шулар сафига ажойиб инсон Мираҳмад ака МИРХОЛДОРОВниям қўшсак арзийди.
У киши 1937 йилда Жанубий Қозоғистон вилоятининг Сайрам туманидаги Сайрам қишлоғида дунёга келган. Мираҳмад ака ёшлигидан китоб ўқишга, билим олишга иштиёқи баланд эди. Сайрам қишлоғидаги Фрунзе номли мактабни аъло баҳоларга битириб, Ўрта Осиё Давлат университетига ўқишга киради. Ўқишни қизил диплом билан битириб, туман, вилоят газеталарида фаолият юритади.
Бир неча йил Сайрам тумани комсомол комитетининг биринчи секретари бўлиб, Аҳмад Яссавий номли жамоада партия уюшмасининг раҳбари ўринбосари, халқ назорати комитетининг раҳбари, 1992 йилдан Сайрам тарихий музейининг бошқарувчиси лавозимларида ишлади.
М. Мирхолдоров 1959 йилдан СССР ҳамда Қозоғистон Журналистлари уюшмасининг аъзоси бўлган. “Ҳурмат белгиси” ордени, бир неча медаллар ва фахрий ёрлиқлар билан тақдирланган. Мираҳмад акага “Сайрам туманининг фахрий фуқароси”, 2001 йилда вилоят бўйича “Йил одами” унвонлари берилган.
Сайрам тумани ўзбек этномаданият жамоат бирлашмасининг раиси, “Сайрам авлиёлари” хайрия фондининг президенти бўлиб, узоқ йиллар хизмат этди.
М. Мирхолдоров 1999 йилда ҳаж сафарига бориб келган. У кишининг тарихий-илмий ишлари, 18 та босмадан чиққан китоблари, 16 та ўқув қўлланмаларини ҳисобга олган ҳолда, унга академик илмий унвонини бердилар.
Мираҳмад аканинг 5 ўғли, 2 қизи, невара ҳамда эваралари ҳаётда ўз ўрнини топган ўқимишли инсонларга айланиб улгурган.
Мираҳмад ака дунёдан ўтса ҳам ўзидан ўчмас из қолдирди. Ўзининг иш-ҳаракати, хулқи-одоби, гўзал ибрати билан ёшларга ўрнак бўлиб, ўргатиб, тарбиялаб кетди. У кишининг тарихий ишлари, китоблари ёш авлоднинг тарихга нисбатан қизиқувчанлиги ортишида, юртига, ерига бўлган меҳрининг уйғонишида ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.
Мираҳмад ака, юртингиз, туғилган ерингиз, авлодингиз учун азиз жонингиз тиним билмай, не бир синовли онларда руҳингизни, қаддингизни тик тутолганингиз учун биз сизга таъзимдамиз. Оллоҳнинг раҳматига, пайғамбарларимизнинг шафоатига эришинг, иншооллоҳ!

Яратилдик меҳмон бўлиб ҳаётга,
Ишингиз, ақлингиз лойиқ ўрнакка.
Дунё ёлғон, биров эрта, биров кеч,
Илож йўқ, розимиз бунга кўнмакка.

Сайрам музейининг
жамоаси.

Изоҳнинг ҳожати йўқ

Изоҳ ҳожат