Алоқа | Обуна

Элчининг ажойиб тарихий туҳфаси

2017 йил 27 октябрь куни “Айғақ” телеканалида Айтеке бий ҳақида тайёрланган кинолавҳа намойиш этилди. Унда бир гуруҳ ватандошларимиз Ўзбекистоннинг Навоий вилоятидаги Нурота шаҳрига бориб, Айтеке бий қабрини зиёрат қилганликлари тўғрисида ҳикоя қилинди.
Шу кўрсатувда нуроталик киши Айтеке бий қабри олдида Қуръони Каримни тиловат этиб, фотиҳа қилганидан кейин, зиёратчиларга мана шу улуғ инсон ҳақида ўзининг билганларинии сўзлаб берди.
Айтеке бий қабри устига қурилган мақбара (иншоот)нинг тикланишига ўша даврда Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси бўлиб турган Заутбек Турисбеков бошчилик қилган. Ана шу кишининг ташаббуси ҳамда шимкентлик ҳомийларнинг саъй-ҳаракатлари билан Айтеке бий қабри атрофида мажмуа бунёд этилган.
Советлар даврида Айтеке бий қабри атрофида ҳеч қандай қурилиш бўлмаган. Шу ердан йўл ўтказиладиган бўлиб, қурилиш техникалари қабрга яқинлашиб келганида нуроталик бир киши ҳаракатланаётган трактор олдига ташланиб, қабрнинг бузилишига йўл қўймаган. Ўша инсон йўл қурувчиларга қарата айтган ўз сўзида: “Бу ерда қозоқ оғайнимизнинг, яъни кичик жуздан бўлган Айтеке бийнинг қабри бор. Буни бузиш билан сизлар ўзбек билан қозоқ миллатлари орасида низо чиқарасизлар. Келажак авлод бундай ишингизга нима дейди? Мен бу қабрнинг бузилишига йўл қўймайман!” – дея тракторнинг ҳаракатланишига йўл қўймаган экан.
Айтеке бийнинг ўзи ҳали ҳаётлигида шу атрофда яшайдиган нуроталик эшон билан суҳбатида: “Агар мен ўлсам — жасадимни мана шу ерга қўйгин” – деган экан. Эшон унга жавобан: “Мабодо, мен олдин ўлсам-чи?” – деганида Айтеке бий: “Ундай бўлса, менинг мана шу гапимни болаларингга, набираларингга васият қилиб қўйгин” – дея тайинлаган экан. Вақти-фурсати етиб, Айтеке бийнинг жасади ўзининг васиятига мувофиқ равишда, ўша ўзи кўрсатган жойга қўйилган экан.
Заутбек Турисбековнинг ташаббуси билан қабр атрофида катта боғ барпо этилиб, унинг атрофлари чиройли девор билан ўралган. Боғ ўртасида Айтеке бий қабри, тағин алоҳида битта бино қурилган ва унга Айтеке бий музейи жойлашган бўлиб, зиёратчилар дам олишлари учун алоҳида катта нақшинкор айвон тикланган. Унга бир неча ёғоч сўрилар ўрнатилган. Шунингдек, ҳамма қулайликларга эга бўлган таҳоратхона ҳам мавжуд.
Боғ дарвозасига кираверишингиз билан йўлаклар атрофидаги анвойи гуллар, чиройли ўсаётган дарахтларга кўзингиз тушади.
2017 йилнинг май ойида вилоят маслаҳатининг депутати, вилоят ўзбек этномаданият жамоат бирлашмасининг раиси Бадриддин Нишонқулов Туркистон шаҳридан Ўзбекистонга борадиган “Дўстлик карвони”ни ташкил этганди.
“Дўстлик карвони”да Дониш Маннотов бошчилигида 60 нафар зиёратчилар Жиззах, Самарқанд, Бухоро, Навоий ҳамда Тошкент шаҳарларидаги зиёратгоҳларда бўлдилар. Мен карвон Навоий шаҳрида бўлган пайтида Нуротага бориб, Айтеке бий қабрини зиёрат қилдим ва музей кўргазмалари билан танишишга мушарраф бўлдим. Ўзим билан бирга борган шерикларимиз ҳамроҳлигида Айтеке бий мақбарасида Қуръони Каримнинг тиловати билан у кишининг ҳақига дуолар қилдик.
Шу ўринда Айтеке бийга мақбара тиклаб, шундай мажмуанинг бунёд этилишига имконият яратган Заутбек Турисбековга ва мазкур қурилишнинг ҳомийларига, “Дўстлик карвони”ни ташкил этиб, ўзбек ва қозоқ миллатларининг дўстлигини улуғлашга ҳисса қўшаётган Бадриддин Нишонқуловга тасаннолар айтиб, барчаси соғ-омон бўлишларига тилакдошмиз!

Турсунхўжа ХОНХЎЖАЕВ,
жамоатчи мухбир.

Share this Post :

Изоҳнинг ҳожати йўқ

Изоҳ ҳожат