Алоқа | Обуна

ДОИМО СЕРГАК ЮРИНГ!

Инсонларнинг доимо сергак бўлиб юришлари зарурлиги ҳақидаги шифокор маслаҳатини “Саломатлик” саҳифасида эътиборларингизга ҳавола этмоқдамиз.
Марҳамат, ушбу борада биздан маслаҳатларини аямаган Шимкент шаҳрининг Сайрам туманидаги 12-сонли поликлиника олий тоифали невропатолог шифокори Мунира Сидиқмат қизи НИЁЗМЕТОВАнинг тегишли мулоҳазалари билан танишинг!

– Ассалому алайкум, Мунира опа! Инсонлар доимо сергак бўлиб юришлари учун нималарга амал қилишлари даркор?
– Инсон дунёга келибди-ки: “Соғ танда — соғлом ақл” шиори билан яшаши керак. У ҳаётнинг қонунларига риоя қилгани ҳолда, ўзининг саломатлигини ҳам ўйлаши шарт. Яхши яшаш учун эса — соғлом бўлиш сув ва ҳаводек зарурдир.
Инсон доимо сергак бўлиши учун, ҳар куни ўзининг кун тартибига жисмоний тарбия машғулотларини киритиши ва уларни бажариши керак. Бу — биринчи бўлса, иккинчиси — доимо кўтаринки кайфият. Кўтаринки кайфиятда юрадиган инсонларнинг сергаклиги ва иммунитети ҳар доим юқори бўлади. Эътибор берган бўлсангиз — кайфияти яхши инсонлар руҳан тетик бўладилар.
Ҳозирги кунларда инфаркт, инсульт, саратон, деган касалликлар кўп учрайди. Булардан холи бўлиш мақсадида ҳам инсондан сергаклик талаб этилади. Сергак инсонда ҳаётга нисбатан муҳаббат кучли бўлади, улар ўзга инсонларни ҳам ўзларига ижобий томондан жалб эта оладилар.
Учинчидан: соғлом турмуш тарзига кўпроқ эътибор бериш керак. Бирдек тўғри овқатланиш режимига эътибор қаратиш зарур. Шахсий гигиенага амал қилиш ҳам турли касалликларнинг олдини олади ва инсонни турфа хасталиклардан ҳимоя қилади.
– Биламиз-ки, кўпинча катталарга қараганда, болаларнинг иммунитетлари суст бўлади. Нима учун?
– Асосан, иммунитет касалликларининг олдини олиш учун, юқорида таъкидлаганимдек, соғлом турмуш тарзига эътибор бериш керак. Аввало, овқатланиш тартибининг бузилиши, С витамини етишмаслиги иммунитетнинг сустлашишига олиб келади. Болаларнинг иммунитетлари паст бўлмаслиги мақсадида болаларга тенгдошлари билан ўйнашлари учун ва тоза ҳавода сайр қилишлари учун шароитлар яратиб беришимиз керак.
Кўпчилик ота-оналар болаларини жуда авайлаб ўстирадилар ва ўшандай болаларда ҳам иммунитет шунга яраша ожиз бўлади. Боладаги иммунитетнинг кўтарилиши учун болага эркинлик керак. Шунингдек, чиниқмаган иммунитет организмни тўлиқ ҳимоя қила олмайди.
Болаларни совуқ кунларда жуда қалин кийинтирмаслик керак, бу ҳам иммунитетнинг пасайишига олиб келади. Иммунитетни мустаҳкамлаш учун наъматак дамламаси, ёнғоқ, қайнатма шўрва, кўкатли салатлар истеъмол қилиш тавсия этилади.
– Раҳмат!

С. МАҲМУРЗАЕВА
ёзиб олди.

Share this Post :

Изоҳнинг ҳожати йўқ

Изоҳ ҳожат