Алоқа | Обуна

Доимий яшаш учун бошқа давлатга чиқиб кетмоқчи бўлсангиз…

Таҳририятимизга: «Доимий тарзда истиқомат қилиш мақсадида Қозоғистондан бошқа мамлакатга чиқиб кетиш учун қандай ҳужжатлар талаб этилади?» – деган савол келиб тушди. Қуйида мавжуд расмий манбаларга таянган ҳолда, мазкур мурожаатга жавоб қайтаришга ҳаракат қиламиз.

– Қозоғистон Республикаси ҳукуматининг 2017 йил 29 сентябрдаги қарорига мувофиқ, доимий яшаш учун Қозоғистон Республикаси ҳудудидан бошқа мамлакатга чиқиб кетиш бўйича ҳужжатларни расмийлаштириш қоидаларига айрим ўзгаришлар ҳамда қўшимчалар киритилди, дея хабар тарқатди «Zakon.kz” интернет нашри.
Ана шундай ўзгаришлар ҳамда қўшимчалар тубандаги меъёр (норма)ларга дахлдордир. Қозоғистон Республикаси ҳудудидан бошқа мамлакатга чиқиб кетиш бўйича ҳужжатларни расмийлаштириш учун тегишли шахс ўзи шу пайтгача истиқомат қилиб келган жойдаги ички ишлар органларига ўзи шахсан ёинки қонуний вакили томонидан қуйидаги ҳужжатларни тақдим этмоғи даркор:
– ариза-анкета;
– Қозоғистон Республикасининг фуқароси бўлиб келганлиги тўғрисидага шахсий гувоҳномаси ва паспорти, ўн олти ёшга тўлмаган фарзандларининг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномалари;
– агар, қачонки, Қозоғистон Республикаси ҳудудидан бошқа мамлакатга домий яшаш учун чиқиб кетмоқчи бўлаётган шахснинг оила аъзолари Қозоғистон Республикаси ҳудудида доимий яшаётган бўлсалар, уларни ҚРнинг «Никоҳ (эр-хотинлик) ҳамда оила» кодексининг 22-бобида кўзда тутилган тартибда моддий таъминлаш учун алиментлар тўлаш бўйича шартнома.
Мабодо, бундай шартномалар тузилмаган тақдирда хорижга доимий яшаш учун кетувчиларга суд томонидан пул кўринишидаги алиментнинг қатъий аниқланган миқдори ёхуд уни бир марта тўлаш суммаси, ёки алимент ўрнини қоплайдиган мол-мулкнинг миқдори белгилаб берилади, ёинки четга чиқиш учун қонунчилик тарафидан тўсиқ қўйиладиган эътирознинг йўқлигини тасдиқловчи далил тақдим қилинади.
ҚРнинг «Никоҳ (эр-хотинлик) ҳамда оила» кодексида кўзда тутилиши-ча, юқоридаги сингари алимент олувчилар қаторига қуйидаги кишилар киритилади: вояга етмаган фарзандлар; ота-оналар; меҳнат қилишга лаёқатсиз ҳамда моддий таъминотга муҳтож эр (хотин); ҳомиладорликда бўлган аёллар ёки уч ёшгача бўлган умумий фарзандлар, шунингдек, қонунчиликда кўзда тутилган бошқа шахслар.
– ҳарбий ҳисобдан чиқарилганлик хусусидаги маълумотнома;
– ҳомийлик ҳамда васийлик органларининг ўн ёшга тўлган болаларнинг ота-оналари ёхуд бошқа қонуний вакиллари билан хорижга доимий яшаш учун чиқиб кетишларига рози эканликларини билдирувчи хулосалари;
– 18 ёшга кирмаган ҚР фуқаролари ота-онасидан биттаси (ҳомий ё васий) билан биргаликда доимий яшаш учун чет элга чиқиб кетаётган тақдирда, ота-онадан қайси бири Қозоғистонда қолаётган бўлса, ўшанисининг нотариаль тарзда тасдиқланган розилик хати. Гарчи ана шундай ҳужжат бўлмаган тақдирда вояга етмаган шахснинг хорижга доимий яшаш учун чиқишига суд тартибида рухсат берилмоғи мумкин;
– тегишли давлат божи ёинки консуллик йиғими тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатнинг нусхаси.
Фуқаролардан бошқа кўринишдаги ҳужжатларнинг талаб қилинишига йўл қўйилмайди.
Юқорида санаб ўтилган ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилган тақдирда — Қозоғистон Республикаси ҳудудидан бошқа мамлакатга домий яшаш учун чиқиб кетмоқчи бўлаётган шахснинг ҳужжатларини расмийлаштириш тўғрисидаги қарор ариза берилган кундан бошлаб ҳисоблаганда 30 календарь кунидан кечиктирилмасдан қабул қилинмоғи зарур.
ҚР фуқаросига Қозоғистон Республикаси ҳудудидан бошқа мамлакатга домий яшаш учун чиқиб кетиши учун рухсат берилмаслигига асос бўлган вазиятда тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилмайди.
Қозоғистон Республикаси ҳудудидан бошқа мамлакатга доимий яшаш мақсадида чиқиб кетиш учун рухсат берилмаслигига асос мавжуд бўлганлиги сабабли ҚР фуқаросининг бундай ҳуқуқи чекланган шароитда, унга ўзи истиқомат қилаётган ички ишлар органи томонидан махсус хабарнома берилади ва унда чеклаш муддати ҳамда ўша ҳужжатни бекор қилиш тартиби кўрсатиб ўтилиши лозим.
Вақтинчалик хизмат юмушлари билан хорижга чиққан Қозоғистон Республикасининг фуқаролари ўзлари борган мамлакатда доимий яшаб қолиш истагида бўлсалар Қозоғистон Республикасининг хорижий давлатлардаги махсус муассасаларига мурожаат қилишлари керак бўлади. Бундай шароитда тегишли ариза билан биргаликда, юқорида санаб ўтилган ҳужжатларнинг ҳам топширилмоғи талаб этилади.

Share this Post :

Изоҳнинг ҳожати йўқ

Изоҳ ҳожат