Алоқа | Обуна

Бизга қўшиқлари мерос бўлиб қолди…

Қўшиқлар ҳамда қўшиқчилар ҳақида гап кетган чоғда, Хоразм наволари тўғрисида алоҳида тўхталиб ўтмаслигимиз мумкин эмас. Халқимиз орасида “Хоразм лазгиси”га бор жон-жаҳди билан рақсга тушмаган одамни топиш амримаҳолдир.
Хоразмликларнинг ўзларига хос ширин шеваси, ширали овозлари билан эл-юрт орасида дамо-дам эсланиб туриладиган хонандалар талайгина. Комилжон Отаниёзов, Ортиқ Отажонов, Улуғбек Отажонов, Оғабек Собиров, Дилафруз Ҳайитметова ва бошқа хонандалар халқимизнинг қалбидан жой олишга арзигулик қўшиқларнинг ижрочилари, десак муболаға бўлмас.
Мана шундай эл суйган санъаткорлардан бири — аёлларимиз орасида биринчилардан бўлиб, қўлига тор ушлаган Олмахон опа Ҳайитовани хотирлашни ўзимизнинг мухлислик бурчимиз, дея билдик.
Олмахон опа 1940 йилда Хоразм вилоятининг Хонқа туманида таваллуд топган. Мактабни битирмасдан олдин, унинг санъатга бўлган қизиқиши ортиб, 13 ёшидан бошлаб, қўлига тор олишга интилган.
Хонанданинг отаси, ўзининг берган интервьюларига суянар бўлсак, унинг қўшиқ куйлашига унчалик рози бўлмаган. Шунга қарамай, ўша даврнинг энг кўзга кўринган санъаткорларидан бири бўлган Комилжон ака Отаниёзовдан ижрочиликнинг энг яхши қирраларини ўрганади.
Шу билан биргаликда, 1974 йили ўзи битирган Тошкентдаги санъат институтининг тингловчиси бўлди. 1958-1959 йилларда Янги йўл театрида иш бошлади. 1959 йилдан “Лазги” фольклор ансамблида яккахон хонанда сифатида ўз иш фаолиятини давом эттирди. 1995-2003 йиллар оралиғида “Ўзбекнаво” студиясининг Хоразм вилоятидаги бўлимини бошқарди.
2003 йилдан бошлаб, Олмахон опа Тошкентда талабаларга қўшиқчилик санъатидан сабоқ бера бошлади.
Кўп йиллик самарали меҳнатлари эътироф этилиб, 1993 йилда Олмахон опа Ҳайитовага “Ўзбекистон халқ артисти” унвони берилди. У кишининг издошлари, таниш-билишлари, мухлисларининг барчаси Олмахон опаничиройли овоз соҳиби, Хоразм қўшиқлари ва достонларининг моҳир ижрочиси, дея ёдга оладилар.
Бизга Олмахон опадан бетакрор “Онам дерман”, “Хоразм лазгиси”нинг бир неча усулда ижро этилган қўшиқлари, “Соҳибқироним” каби санъатнинг асл дурдоналаридан ҳисобланган қўшиқлари мерос бўлиб қолди.
Олмахон опа қўлидаги тор билан бошқа миллатларнинг ҳам қўшиқларини моҳирлик билан ижро эта олгани алоҳида эътиборга лойиқ иқтидорли хонанда эди. У кишининг ушбу хислати бошқа аёл хонандаларда ҳали такрорланганича йўқ.
Халқимизнинг севимли хонандаси Олмахон опа Ҳайитова 74 ёшида, яъни 2014 йилнинг 1 январь куни вафот этди. Опамизнинг охиратини Оллоҳим обод қилсин, илоҳим!

Гулбаҳром АБАТОВА тайёрлади.

Share this Post :

Изоҳнинг ҳожати йўқ

Изоҳ ҳожат