Алоқа | Обуна

Битирув кечаларини ўтказиш муҳимми?

Мана, май ойи ҳам бошланиб кетди: олдинда муборак рамазон рўзаси, мактаблар ҳаётида эса, битирувчилар учун ҳаяжонли кунларнинг бошланиши… Деярли бир ойдан сўнг, мактаблар битирувчилари, гўёки қанот қоқиб, мустақил ҳаёт томон интилаётган полапонлар мисоли азиз уяси — мактаби, билан хайрлашиб, ҳар бири ҳар томонга парвоз қилади.
Улар айни пайтда мактаб даврининг сўнгги кунларини санаб, жонажон мактабини тарк этишларига ишонгилари келмай юришгандир. Олдинда битирувчиларини улар билан хайрлашиб, янги ҳаётга кузатиб қўйувчи, хотираларида доимо қолувчи, жарангдор «сўнгги қўнғироқ» кутмоқда. Ана ундан кейин, янада ҳаяжонли ЯМТ, давлат имтиҳонлари ва, ниҳоят, орзиқиб кутилган битирув оқшоми.
Бу оқшомда битирувчилар кечанинг шаҳзодалари-ю маликаларига айланадилар. Синфдошлари ҳамда устозлари даврасида мактаб йилларидаги унутилмас онларни хотирлашиб, ўйнаб-кулишади. Менимча, битирув кечаси ҳар бир битирувчи йигит ва қиз учун аҳамиятли ва муҳим бўлса керак.
Битирув оқшомини ўтказиш керакми? Мактаб битирувчилари учун бу кеча қанчалик муҳим? Бугунги куннинг замонавий битирув оқшомлари ҳақидаги фикрингиз қандай, сиз уларнинг қай тарзда бўлишини хоҳлардангиз?
Ушбу саволлар юзасидан турли мактабларнинг битирувчилари билан сўровнома ўтказдик, уларнинг фикрлари қўйидагича бўлди.

Диана ИЛЁСОВА, Шимкент шаҳридаги Муқимий номли 13-сонли мактабнинг 9-«Г» синф ўқувчиси:
– Ҳа, албатта битирув кечаларини ўтказиш керак, бу — ўқувчиларнинг орзуси, улар ушбу вақтни интиқлик билан кутишади. Мен учун битирув кечасининг аҳамияти катта. Битирув оқшомига ясаниб, чиройли кийимларни кийиб, кўз-кўз қилиш учун эмас, дўстларим билан мактаб бағрида сўнгги бора бирга ўйнаб-кулиш учун борган бўлардим.
Ҳозирги замондаги битирув кечалари битирувчиларга, фақат ялтир-юлтир либослар кийиб, қимматбаҳо нарсалар олиб, ҳашаматли кафелар ва ресторанларда нишонланиши билан қизиқарли.
Мен эса, битирув кечамизнинг оддий, ортиқча харажатларсиз, синфдошларим ва устозларим иштирокида ўтказилишини хоҳлардим. Кафелар ёки ресторанларда эмас, ўзимизнинг кичкинагина синфимизда нишонланса — дейман.

Насиба ИРИСҚУЛОВА, Кентов шаҳридаги Маҳмуд Қошғарий номли мактабнинг 11-«А» синф ўқувчиси:
– Мен битирув кечаларини 100 фоиз керак, дея айта олмайман. Битирув кечаларини ота-оналаримизнинг келишувлари билан ўтказган маъқул, дея ўйлайман. Лекин хайрлашув оқшоми инсон ҳаётида, айнан менинг ҳаётимда, катта аҳамиятга эга эмас.
Ҳозирги кундаги битирув кечалари кўп чиқимни талаб этиб, жуда дабдабали равишда ўтади. Менинг фикримча, ортиқча харажатлар сарф қилинадиган кечаларнинг ҳожати йўқ. Битирув кечамизнинг бизни 11 йил давомида ўқитган устозларимиз, синфдошларимиз, ота-оналаримиз даврасида чиройли, яхши тилакларга тўла бўлиб ўтишини хоҳлардим.

Ўғилой АБДУСАТТОРОВА, Туркистон шаҳридаги Хожа Аҳмад Яссавий номли мактабнинг 11-«А» синф ўқувчиси:
– Албатта битирув кечалари керак. Чунки бу бизнинг ўрта мактабни тугатиб, 11 йил бирга ўқиган синфдошларимиз билан бир даврага йиғиладиган хайрлашув оқшомидир. Нега, энди озод, обод элда чиройли кечалар ўтказмаслик керак?!
Ўтсин, фақат меъёрида, масалан: бизга таълим ва тарбия берган барча устозлар қатнашувида. Битирувчи ёшлар эса, ушбу фурсатдан фойдаланиб, устозларга ўз миннатдорчиликларини билдиришса, мактаб давридаги қизиқарли воқеаларни эслаб, қувонишса — қандай яхши!
Тўғри, замонавий битирув кечаларида бироз бачканаликлар, ташқаридан келиб, табрикловчиларнинг кечага халақит беришлари каби ҳолатлар йўқ эмас. Бу ҳол менгаям ёқмайди. Ахир, бу бизнинг бир синф бўлиб, устозларимиз билан нишонлайдиган кунимиз-ку!
Битирув оқшомлари ЯМТ ва давлат имтиҳонларидан сўнг, шинам тўйхонада, фақат ўқитувчилар, ўқувчилар, ота-оналар ва ажойиб бошқарувчилар билан биргаликда, чиройли безатилган зал, столда исроф бўлиб, термулиб турган ортиқча таомларсиз ўтказилса, янада яхши.

Ихтиёр ЙЎЛДОШБЕКОВ, Сайрам туманининг Қорабулоқ қишлоғидаги 100-сонли мактабнинг 11-«В» синф ўқувчиси:
– Ҳа, битирув кечаларини ўтказиш керак. Йиллар ўтиши билан, битирув кечамизнинг видеотасвирларини, суратларини кўрар эканмиз, улар бизнинг мактаб йилларимизни, унда кечирган завқ-шавққа тўла дамларимизни ёдимизга солади.
Замонавий битирув кечаларига қиммат машиналарда бориш, дастурхонни, ҳаддан ташқари, тўкин-сочин безатиш урфга айланган. Қизларимизга келсак, уларнинг европача кийинишлари ўзбек халқига хос миллийлигимизнинг йўқолишига олиб келмоқда.
Мен битирув кечамизнинг, устозлар билан биргаликда қизиқарли, эсда қоларли ва тинч ўтишини хоҳлайман.
* * *
Сиз-чи, азиз муштарий! Мазкур масалада қандай фикрдасиз, ўқувчиларнинг фикрларига қўшиласизми? Битирув кечаларини қандай ўтказиш керак, дея ўйлайсиз ва ҳисоблайсиз?

М. Авезов номидаги ЖҚДУнинг3-босқич талабаси:
Дилхумор ЗИЁВИДДИНОВА
тайёрлади.

Share this Post :

Изоҳнинг ҳожати йўқ

Изоҳ ҳожат