Алоқа | Обуна

Ҳаётимиз ҳам ширин бўлсин!

Иродахоним МУҲАММАДЖОНОВА, Астана шаҳридан махсус мухбир, хореограф:
– Қадрдон ҳамюртлар! Мана, ҳадемай, 2018 йилни ҳам кутиш арафасида, ҳаяжонли қалбимиз билан интиқиб турибмиз. Кириб келаётган йилнинг ширин турмуш тарзида давом этишини ният қилган ҳолда, ушбу кунда ҳар бир уй бекаси каби ширинликлар ва лаззатли таомлар билан дастурхон безатишга ҳаракат қиламан.
Одатда, болалигимдан Янги йил байрами ва у билан боғлиқ эртаклар қаҳрамонлари, у билан боғлиқ куй-қўшиқлар, тимсоллар менинг жон-у-дилим бўлиб келган. Декабрь ойида эртаклар ичида яшаб, завқ оламан, десам тўғрироқ бўлади…
Шундай кайфият таъсирида байрам дастурхони учун “Арчажон”, “Шам” ширинликлари, “Қор парчаси” асалли торти ва мучал тимсоллари билан безатилган ширин салатлар тайёрлашни ният қилдим.
Оллоҳнинг бераётган беминнат саховатларидан баҳраманд бўлар эканман, 2018 йил ҳам ўзимизнинг холис ниятимиз руҳи билан халқ учун баракали ҳамда самарали келишига аминман.
Янги йил ҳар бир хонадонга олам-олам қувонч-лар, зафарлар, эзгуликлар олиб кирсин. Бекажонларимиз тайёрлаган ширинликлар билан ҳаётларимиз янада ширин тус олсин. Мустақил диёримизнинг осмони мусаффо, халқи тинч бўлсин. Заминга ошиққан оппоқ қорлар ҳар биримизга эзгу ниятлардан суюнчи бўлсин!
* * *

Дастурхон безатишни ким ҳам хуш кўрмайди, дейсиз. Айниқса байрамлар ва туғилган кунлардаги дастурхонларнинг безатилиши ўзгача бўлади. Уларнинг ичидаги энг дабдабали дастурхон, бу — Янги йил байрами дастурхони бўлса керак.
Тўғри, кўпчилик ушбу байрам дастурхонини, имкони қадар, чиройли ва турли мазали пишириқлар, таомлар билан ясатишга ҳаракат қилишади.
Тўғри-да, ахир, ушбу байрам бир йил кутилади. Шунинг учун ҳам, айни тантананинг дастурхони оилавий ва турли хил ноз-у неъматларга бой бўлади.
Мазкур аснода байрам дастурхонига қандай пишириқлар-у ширинликлар, тортлар, салатларнинг турларидан қайси бирларини тайёрлашга келинчакларимизнинг ва аёлларимизнинг бошлариям қотса керак.
Бир оилада ҳамманинг таъби ҳар хил. Оила аъзоларининг барчасига бирдек ёқадиган байрам дастурхонини безатиш келинчаклар-у аёлларимизнинг зиммасидаги масъулият, десам адашмайман.
Янги йил байрами дастурхонини ёш уй бекалари қандай ясатишади ёки кимнинг таъби қандай?
Шу савол мени ўйлантириб: “Янги йил байрами дастурхонини қандай таомлар ёки қандай пишириқлар билан ясатмоқчисиз?” – деган қизиқарли савол билан бир қанча муштарийларимизга мурожаат этиб, уларнинг айни борадаги фикр-мулоҳазаларини билишга муяссар бўлдим.

Наима АБДУСОБИРОВА, Шимкент шаҳридан, уй бекаси:
– Мана, 2017 йилни кузатиб, янги 2018 йилни ҳам кутиб олиш арафасидамиз. Шу фурсатдан фойдаланиб, барча юртдошларимизни келаётган Янги йил байрами билан чин кўнгилдан муборакбод этаман!
Янги йил байрами ўзгача ва такрорланмас — ягона байрам бўлганлиги учун ҳам, ушбу байрам дастурхони ҳашаматлироқ бўлгани дуруст.
Оила аъзоларимизнинг таъбларига қараганим ҳолда, улар хуш кўриб тановул қиладиган таомлар ва салатларни тайёрлайман. Масалан: фарзандларим пишириқлардан — паҳлавани севиб, истеъмол қилишади. Турмуш ўртоғимга салатлар жуда хуш ёқади. Қайнонам ва қайнотам манти таомини кўпроқ яхши кўриб, истеъмол қилишади.
Шунинг учун ҳам, буларнинг барчасини инобатга олганим вазиятда — барчасидан чиройли байрам дастурхонини тайёрлайман. Худо хоҳласа: “Оливье”, “Шуба”, “Французча” – дея номланган салатларни тайёрласам, пишириқлардан: асалли пирог, паҳлава, “Янги йил торти”ни пишириш билан Янги йил байрамининг дастурхонини безатмоқчиман.
Нилуфар ТЎЛАМАТОВА, Оқсувкентдаги Анвар Исмоилов номидаги гуманитар-педагогика коллежининг рус тили фани муаллимаси:
– Бу ажойиб байрамнинг дастурхони кўпроқ болаларга хос бўлишини истайман. Менинг ўзим ҳар қандай дастурхон неъматларини фарзандларимнинг хоҳиш-истакларини инобатга олган ҳолда тайёрлайман.
Уларга кўпроқ ширинликлар ёқади, шунинг учун ҳам, Янги йил дастурхонини бизнинг оилада ширинликлар кўпроқ эгаллайди.
Масалан: творогли пирог, шоколадларнинг турли хиллари, асалли торт, рогаликлар, рулетларни пишираман ва ушбу ширинликлар билан оила аъзоларимни хушнуд қилмоқчиман.

Зарина АЛМЕТОВА, Манкент қишлоғи, уй бекаси:
– Азалдан қолган эски гап бор: “Янги йил байрамини қандай қарши олсанг — йилнинг давомиям ана шундай ўтади”.
Ана шунга амал қилган ҳолда, ушбу байрамни аъло кайфиятда ва ажойиб байрам дастурхони билан оилавий кутиб олишни ният қилганман. Байрам дастурхони тўкин-сочин бўлса — йил давомида уйимизни файз-барака, тўкинлик тарк этмайди.
Шунинг учун ҳам, ҳар йили таомларнинг икки туридан тайёрлашга ҳаракат қиламан. Яъни биринчиси — суюқ таом бўлса, иккинчиси — қуюқ таом бўлиши керак. Норин таоми ҳар бир хонадонда севиб ейилади ва меҳмонлар учун ҳам мазали таом сифатида тортилади.
Ширинликларга нисбатан кўпроқ салатларни тур-туридан тайёрлайман. Ширинликлар тез қотиб қолиши мумкин, кейин кўп ширинлик истеъмол қилиш ҳам саломатлик учун зиён. Шунинг учун, болаларимга байрам кунлари кўп ширинлик бермайман.
Мен кўпроқ эътиборимни байрам дастурхонида салатлар ва таомларга қаратаман. Салатлардан кўпроқ тайёрлайдиганим — карамли ва майонезли ҳар хил салатларни тайёрлайман. Ўзимнинг ижодимга таяниб, янгидан салатлар яратаман ва бу оила аъзоларимга хуш келади.
* * *
Яшанглар, ўзбегимнинг пазанда келинлари-ю аёллари! Сизларнинг, нафақат байрам дастурхонларини ўзгача ясатишларингизга, балки ҳар кунингизни байрам сифатида кўриб, гўзал дастурхонлар безатаверишларингизгаям тилакдошман.
Сизлар — гўзалсизлар ва пазандасизлар! Шундай экан, барча оила аъзоларингизни тотли таомларингиз-у ширин каломларингиз билан мамнун этаверингизлар.
Интиқиб кутилаётган Янги йил байрами барчангизга муборак бўлсин, азиз ҳамюртлар!

Сабоҳат МАҲМУРЗАЕВА.

Share this Post :

Изоҳнинг ҳожати йўқ

Изоҳ ҳожат