Алоқа | Обуна

Ҳаяжонлар бисёр…

Мана, 11 йиллик билимларни мустаҳкамлаш, олган таълимларни исботлаш вақти келди… Ота-оналарнинг ҳаяжонлари, устозларнинг тинимсиз меҳнатлари, ўқувчиларнинг не-не орзу-умидлари…
22 июнь куни Шимкент шаҳрида жойлашган Жанубий Қозоғистон педагогика университети биносида битирувчи синфларнинг ўқишга кириш учун даъвогарлари ягона миллий тест (ЯМТ) топширишди.

Эрталаб соат 9.00 да университет қаршисида жамулжам бўлган битирувчилар, махсус текширувлардан ўтиб, ўзлари учун мўлжалланган ўқув хоналарига жойлашдилар. Ташқарида эса, устозлари ва ота-оналари Оллоҳга илтижо қилиб, уларни интиқлик билан кутмоқда эдилар.
Битирувчиларнинг кўнгилларидан қандай ҳаяжон, шу билан биргаликда, қўрқинч ҳислари ўтаётганлиги уларнинг кўзларидан маълум эди…
Ўқувчилар аудиторияларга кириб жойлашишди. Университет ташқарисида ҳар бир хонага ўрнатилган махсус камералар ёрдамида улкан ойнаи жаҳон орқали ота-оналар ўз фарзандларининг имтиҳон топшириш жараёнларини кузата олишарди.
22 июнь куни бўлиб ўтган ягона миллий тест (ЯМТ)га Сайрам тумани бўйича 24 та ўзбек мактабларидан 488 нафар битирувчилар иштирок этишган. Уларнинг ичида 53 нафари “Олтин белги” соҳибларидир.
Фурсатдан фойдаланиб, биз битирувчилар, уларнинг ота-оналари, устозлари ҳамда мактаб директорларини суҳбатга тортдик.

Устозлар, ота-оналар ҳаяжонли дамларни интиқлик билан кутишмоқда.

Баҳодир ҚЎЧҚОРТОЕВ, Сайрам тумани билим бўлимининг услубиётчиси:
– Бугунги тест синовлари ўқувчиларнинг 11 йил давомида олган билимларини синаш кўринишидаги янги ҳаётга илк одимларидир. Бу имтиҳон уларнинг орзуларини рўёбга чиқарувчи бир восита ҳисобланади. Ўқувчиларнинг тайёргарликлари яхши, ушбу борада руҳий тайёргарлик ҳам муҳим аҳамият касб этади. Битирувчилар билан мактабларда, устозлар билан бир қаторда, психологлар ҳам тегишли ишларни олиб бордилар. Улар ўқувчиларни ҳар қандай вазиятга тайёрлаб боришди.
Оллоҳим барча битирувчиларга омад берсин. Ўйлаган натижага эриша олмадим, дея тушкунликка тушиб қолишнинг ҳожати йўқ. Чунки бу янги ҳаётнинг бошланиши, бу билан ҳаёт тўхтаб қолмайди. Ҳар қандай вазиятда ҳам, фақат олға интилинг! Омад ёр бўлсин!

Бизга номаълум сабаблар билан исмини сир тутган директорнинг фикри:
– Мана, бугун битирувчилар ҳамда устозлар, қолаверса, ота-оналар улкан ҳаяжондалар. Ўқувчилар ЯМТ топширишмоқда. Уларга омадлар тилайман, юқори балл олиб, ўзлари истаган касбларининг етук мутахассислари бўлишларига тилакдошман.
Улкан синовга мактабимиздан 26 нафар ўқувчи келди. Уларга қўллов кўрсатиш мақсадида 12 нафар устозларимиз ва ота-оналар ташриф буюришди. Махсус автобус ажратилди. Устозлар, ўқувчилар ана шу автобусда университетга етиб келишди. Худо хоҳласа, тайёргарликлар кўнгилдагидай, улар, нафақат таълим томонидан, балки руҳий томондан ҳам катта тайёргарликлар кўришган. Бунда устозларнинг ва психологларнинг хизматлари катта.
– Бизнинг мактабни мазкур ўқув йилида 56 нафар ўқувчи битирмоқда. Шу ўқувчиларнинг 14 нафари бугунги ЯМТ синовига келишди. Қолганлари ўзларининг шахсий, оилавий тадбиркорликлари билан шуғулланишни маъқул кўришди. Баъзилари коллежларга ўқишга киришди, бу ҳам, албатта ҳар бирининг қизиқишига боғлиқ.
14 нафар ўқувчиларга қўллов кўрсатиш мақсадида, мен ва илмий мудир, бир гуруҳ устозлар, ота-оналар келишди. Мактабда қўллов гуруҳи аъзолари ҳам кутиб ўтиришибди.
Ҳар бир ўқув йилининг сўнгида барчамиз учун ҳаяжонли, барчамиз учун ўйланадиган, кейинги йилга режа тузадиган кун, дея ҳисоблайман. Чунки бугун натижа чиққанидан кейин, қаерда ҳамда қандай камчиликларга йўл қўйганликларимиз, яна қандай ишлар қила олишларимиз яққол намоён бўлади.
Барча устозларга, ота-оналарга, битирувчиларга омадлар тилайман. Ҳар қандай вазият бўлиши мумкин. ЯМТ билан ҳаёт тўхтаб қолмайди. Бу билимнинг, шунчаки, бир бўлаги, бу ҳам бир синов. Омадлар ёр бўлсин, – деди мактаб директорларидан яна бири.

Нафиса УСМОНОВА, 92-сонли “Оқсув” мактабининг битирувчиси, “Олтин белги”, “Намунали аттестат” соҳибаси Раъно Қозиеванинг онаси:
– Қизим мактабда аъло баҳоларга ўқиган, билими ҳам юқори, устозларга ўз ташаккуримни билдираман. Синф раҳбари Ўлжон опой, мактаб директори Эркин ака Адҳамовга катта раҳмат! Улар ҳар томонлама қўллашди, бор куч-ғайратини ишга солиб ўқитишди. Ҳозир улкан ҳаяжонда турибмиз. Бизда мана шундай ҳаяжон бўлса, қизларимиз, ўғилларимизда бу ҳаяжон билан бирга, қўрқинч, умид ҳислари ҳам баланд, дея ўйлайман.
Қизим Раънохон тиббиёт соҳасини танлади. Ёшлигидан тиббиётга қизиқиб, дугоналари билан шифокор ўйинини ўйнаб улғайди. Доимо беморларни даволаб, уларнинг дуосини оламан, дея орзу қиларди. Худо хоҳласа, ниятларига етиб, Оллоҳим омад берсин! Бошқа битирувчиларга ҳам омадлар тилайман.
Битирувчиларга қўллов кўрсатиш мақсадида, нафақат устозлари ва ота-оналари, балки суюкли бобожонлари ҳам ташриф буюришган экан, биз фурсатни бой бермай, уларниям суҳбатга тортдик.

Акмал АБДУЛЛАЕВ, нафақадор, Сайрам туманидаги Тоштемир Рустемов номли 12-сонли гимназия мактабининг битирувчиси Мафтуна Ғуломованинг бобоси:
– Неварамни жуда ҳам яхши кўраман, у менинг эркатойим, мана, бугун катта ҳаётга қадам босмоқда. Бу унинг илк қадами, Оллоҳим ўзи қўллаб, омадини берсин!
Мафтунахон мактабда яхши баҳоларга ўқиди. Қизиқиб, тиббиёт соҳасини танлади. Оллоҳнинг инояти билан беморларни даволашни ўз олдига мақсад қилиб қўйди. Бу унинг орзуси томон илк одими. Мана, улкан ҳаяжон билан кутмоқдамиз, яхши натижалар билан чиқишини. Бошқа битирувчиларга ҳам омадлар ёр бўлсин. Юқори балларни забт этиб, ниятларига етишсин.
* * *
Ниҳоят, тест топширувчилар ҳам вақтдан унумли фойдаланганлари ҳолда, катта умидлар, ҳаяжонлар билан синов хоналаридан чиқа бошлашди. Уларни ота-оналар, устозлар қарсаклар билан кутиб олишди. Баъзилари ҳаяжонларини яшира олмай, ота-онасини қучганича йиғлар, баъзиларининг кўзлари қувончдан порлар эди. Улар ўзларига ишонган ҳолда, барчага куч берардилар.

“Қайнарбулоқ” мактабининг битирувчиси Сурайё ДЕҲҚОНТОЕВА ягона миллий тест синовини топшириб чиққанидан кейинги ҳаяжонларини қуйидагича изҳор этди:
– Синов хоналаридаги ўқувчиларнинг ҳаяжонларида чек йўқ, шу билан биргаликда, уларнинг вужудларини енгил қўрқинч ҳам қоплаб олганди. Албатта бу тест бизнинг улкан ҳаётга илк қадамимиз. Ҳаяжон бўлди, барчаси жуда ҳам қатъий тартибда ўтказилди.

Сурайё ДЕҲҚОНТОЕВА онаси билан бирга.

Устозларимизга, психологларимизга, мактабимиз директори Саидмурод ака Абдураҳмоновга ташаккурларим… Улар бизларни ҳар қандай вазиятга руҳан тайёрлаб боришди. Натижаларим яхши, дея ўйлайман, химия, биология фанларини танладим. Бошқа битирувчиларга ҳам омадлар ёр бўлсин!
Бизга берилган маълумотлар бўйича Шимкент шаҳрининг Ал-Форобий туманига қарашли 11-сонли мактабдан Шаҳзод Хамариддинов ЯМТга иштирок этди ва 77 балл жамғарди, 14-сонли мактабдан 24 нафар ўқувчидан 7 нафари қатнашди, уларнинг уч нафари “Олтин белги”ни оқлади.
Яъни Бонугул Жўрахонова 133 балл, “Олтин белги” соҳибаси Самуна Раҳимжонова Қозоғистон тарихи ва тил асослари фанларидан 35 балл жамлади, энди июль ойида бўлиб ўтадиган ижодий имтиҳонга тайёргарлик кўрмоқда. Дилдора Тўрақулова 109 балл эгаллади, “Олтин белги” соҳибаси. Қолган 4 нафар битирувчининг энг паст балли 65, қолганлари 65 дан юқори. Натижага кўра, мактаб бўйича умумий ўртача кўрсаткич 93 баллни ташкил этди.
13-сонли мактабда 45 нафар битирувчи ўқувчилар бор. Аммо ҳеч бири ЯМТ топшириш учун ариза бермаган.
* * *
Ҳа, барчанинг ҳаяжонида чек йўқ, ота-оналар фарзандларини, устозлар шогирдларини университет биноси қаршисида интиқ кутишмоқда. Уларнинг қалбларида илинж, кўзларида умид порлаб турибди.
Биз барча битирувчиларга омадлар тилаймиз. Улар ўзлари истаган касбларининг етук мутахассислари бўлишларини Оллоҳдан сўраб қоламиз. ЯМТ синовларида юқори балларни эгаллаб, ота-оналарининг, устозларининг ишончларини оқлайди, деган эзгу ният билдирамиз.

Ягона миллий тестга тўлебийликлар, тулкибошиликлар қай даражада қатнашдилар?

Тўлебий тумани

Тўлебий туманига қарашли “Хонариқ” ўрта мактабининг ўқувчилари ҳам ўзларини бу йили биринчи марта ягона миллий тест синовида синаб кўришмоқда. 3 нафар 11-синф ўқувчилари – Диана Исатаева, Отабек Тожибоев ҳамда Олимжон Султонов тенгдошлари қаторида масъулиятли имтиҳонни топширишди. Бизга берилган маълумотларга қараганда: Д. Исатаева 73 балл, О. Тожибоев 74 балл, О. Султонов 68 балл тўплаган.
Шунингдек, мазкур тумандаги “Султонработ” мактабидан 5 нафар ўқувчи ЯМТда иштирок этишди. “Тоғойна” ва “Илонбузган” билим даргоҳларининг битирувчилари ЯМТда иштирок этишмади. Ал-Форобий номидаги мактабнинг қозоқ синфида таҳсил олган битирувчилар ҳам ЯМТ топширганлар сафида бор.

Тулкибоши тумани

Тулкибоши туманига қарашли Озодлик қишлоғидаги Алишер Навоий номидаги умумий ўрта мактабни битириб, мустақил ҳаётга қадам қўяётган 31 нафар битирувчиларнинг 4 нафари, яъни 9,5 фоизи 22 июнь куни ягона миллий тест топширишди. Муаттар Юнусова 71 балл, Шоҳида Ботиралиева 122 балл, Шодия Маҳкамбоева 80 балл ҳамда Шаҳзод Ҳайтметов 46 баллни қўлга киритишди. Бизга ушбу маълумотларни таълим кенгашининг аъзоси Шоҳимардон Абдуллаев берди.

Сарвиноз САТТОРҚУЛОВА.

Share this Post :

Изоҳнинг ҳожати йўқ

Изоҳ ҳожат