Алоқа | Обуна

Авлодлар риштаси узилмасин!

Қариндошлик ришталарини шахсий манфаатларга айлантирмаслик ва қурбон қилмаслик керак. Қариндош – қон ичгунча, деган нақл қадрининг йўқолиши — шахсий манфаатларнинг устунлиги ва адолатнинг йўқлигидан келиб чиқмоқда.
Адолат йўқ жойда иғво, ёлғон сўзлар урчий бошлайди. Ёлғон сўзлар эса — қариндош-уруғларнинг ораларини бузади. Гапларни яхши, тўғри таҳлил қилмаган одамлар ёлғонга учиб, кўп хатоларга йўл қўйишади.
Оқибатда, қариндош-уруғлик иттифоқига дарз кетади. Сўнгра уларнинг ораларида катта жарлик пайдо бўлади. Ака бир томонда, сингил бир томонда. Ҳар бири ўзига тарафдор бўлган кўпроқ одам йиғишга ҳаракат қилади. Натижада, тарафкашлик бошланади. Туғишганлар ҳам фикр айтиш ўрнига қарши томоннинг айблари-ю камчиликларини бўрттириб, оғизларини кўпиртирадилар.
Тарафкашлик оқибатида тўйлар, маъракалар бузилади. Бунинг натижасида келажак ёш авлод тарбиясига катта зарар етади. Бизлар билиб-билмай келажагимиз бўлган ёшларга нотўғри тарбия бериб қўямиз. Ака-укалар, амакилар, холавачча — бўлалар бир-бирларига душман бўлиб қоладилар.
Кексалар дунёдан ўтиб кетганларидан кейин ҳам-ки, бундайин душманлик, ғаразгўйлик давом этаверади. Бизлардан ёшларга — болаларимизга яхшилик, адолат, меҳр-оқибат қолиши ўрнига — ёвузлик, ғаразгўйлик, сурункали дов-жанжаллар мерос бўлиб қолади.
Шундай экан, қариндош-уруғлар орасидаги жанжалларни, ушбу низолар кучайиб кетмасидан туриб, авлод катталари тўғри ҳамда адолатли равишда ечишлари даркор. Авлод катталари шу масалани ҳалол ҳамда холис ҳал этишса — авлод ўртасидаги можароларга, улар давом қилмасидан, кучайиб кетмасидан туриб, барҳам берилади.
Бугунги кунда кўпгина оилалар адолатли ва одил авлод катталарига жуда муҳтож. Чунки авлод ичидаги муаммони ечишга қодир оқсоқоллар сони камайиб бормоқда.
Муносиб авлод катталарининг мутаносиб тарбиялари замирида миллат тарбияси ҳам мужассамланган. Урф-одатларимизда ёши улуғларни сийлаш, ҳурмат қилиш анъанаси мавжуд.
Маълумки, отани, каттани сийламаган одам миллатини ҳам сийламайди. Каттани сийлаш – авлодни сийлаш. Чунки авлод каттасининг вазифаси ва хизмати қариндош-уруғни ажралмас қилишидир. Каттага ҳурмат барчага ҳурматдек гап. Тарихни билмаган одам келажакни ярата олмайди. Чунки келажак тарих билан, ўтмишимиз билан узвий боғлиқдир.

Жамиятдаги одамлар орасидаги энг ёмон иллат, бу — лоқайдлик. Лоқайдлик бўлган жойда самимийлик йўқолиб, яхши ишга ҳам, ёмон ишга ҳам бефарқ бўлиб қолади, киши. Қариндош-уруғнинг хурсандчилигидан хурсанд бўлмасанг, мусибатида мардона турмасанг, унда, сенинг нима керагинг бор?
Ота-боболаримизнинг бошларидан кўп оғир замонлар ўтган. Ана шу очарчилик, қатағонлик, уруш пайтларида одамлар бир-бирларига ҳамдард, меҳрибон, жонажон бўлишган. Бугунги кунда ҳамма нарса етарли, лекин меҳр-оқибат йўқ, инсонга ҳурмат йўқ. Одамлар бир-бирига салом берса, гўё ўзини паст бўлиб қолгандай ҳис қилишади.
Ота-оналар фарзандларига тарбия берар эканлар, ана шу тарбияни катталарга салом беришни ўргатишдан бошлашади. Тарбия шу тарзда давом этмоғи даркор. Салом-аликлар орқали инсонлар қариндош-уруғларини танийдилар ва уларга нисбатан меҳр уйғона боради. Бола ўсиб, улғаяр экан, дунёни таниш билан бирга, ўз яқинларини таний бошлайди.
Ёш авлодни тарбиялар эканмиз — ўзимиз, яъни катталар намуна бўлишимиз зарур. Каттанинг ўзи хатти-ҳаракати, сўзи билан, амали билан, ҳалоллиги, адолатпарварлиги билан ажралиб туриши керак. Катталикни суиистеъмол қилмаслиги жуда зарур.
Чунки каттанинг чиқарган ҳукми одил бўлса, каттанинг обрўйи ортиб боради. Агар тескариси бўлиб, ҳукм одилона бўлмаса, каттанинг обрўси тушиб, уни ҳеч ким тингламай қўяди.
Оқибатда, сўзимизнинг бошида айтганимиздек, қариндош-уруғларнинг орасида парокандалик бошланади. Албатта бунга катталикни олиб бора олмаган авлоднинг каттаси айбдор. Негаки, ўшандай катта авлод иттифоқининг бузилмаслигига ҳамда тарбиясига масъул ва жавобгардир.

Абдужаббор АҲМЕДОВ,
жамоатчи мухбир.
Кўлкент қишлоғи.

Share this Post :

Изоҳнинг ҳожати йўқ

Изоҳ ҳожат