Алоқа | Обуна

Асабларимизни асрайлик, азизлар!

Таҳририятимизга асаб касалликлари бўйича келиб тушган саволларга жавоб қайтаришини сўраб, Шимкент шаҳар 1-касалхонасининг неврология бўлими мудири, олий тоифали шифокор Гулжаҳон Назимбек қизи БЕРДАЛИЕВАга мурожаат этдик.
– Асаб касалликлари ҳақида маълумот берсангиз?
Қисқача айтадиган бўлсам:
1. Периферик асаб тизимининг яллиғланиш хасталиклари — неврит, невралгия, плексит, полиневропатия ва радикулопатиялар.
2. Умуртқа поғонаси ва мушак тизими хасталиклари — остеохондроз, диск чурралари, миастения, миотония ва миопатиялар.
3. Бош мия ва қон томирлари хасталиклари — инсульт ва унинг асоратлари, дисциркулятор энцефалопатия.
4. Паркинсон касаллиги ва паркинсонизм синдромлари.
5. Эпилепсия ва талвасали синдромлар.
– Неврология бўлимига мурожаат этадиган беморларнинг сони кўп, нима учун?
– Чиндан ҳам неврология бўлимига мурожаат этадиган беморлар сони кўпайиб бормоқда. Авваллари 70 ёшдан сўнг бошланадиган асаб касалликлари ҳозирги кунда 50 ёшдан сўнг бошланмоқда. Мияга қоннинг қуйилиши 16-25 ёшлар орасида ўспирин ёшлардаям учрамоқда. Буларнинг барчасига экологиямиз, уй шароитидаги воқеа-ҳодисалар сабаб бўлади.
– Қандай ҳолатлардаги беморлар касалхонага ётқизилмоқда?
– Инсультдан кейин, грижа, остеохондроз, чўзилмали оғриқлар, партал орқали ва бошқа касалликларнинг сабаблари билан беморлар касалхонамизда даволанишмоқда. Кўп ёшларимиз уй шароитида стрессга учрайдилар, улар ҳам даволанишмоқда. Маслаҳатим: ҳуда-беҳудага асабийлашавермаслик керак. Жароҳат олгандан сўнг асорати қолгач, уларни ҳам, имкон қадар даволаймиз.
– Игна муолажасини барча беморларга тавсия қилиш мумкинми?
– Йўқ, игна муолажаси барча беморларга ҳам тавсия қилинавермайди. Аниқ ташхис қўйилгач, муолажа ҳам аниқ қўйилади.
– Эшитишимча: инсультнинг икки тури мавжуд экан, изоҳлаб берсангиз?
– Инсультнинг икки турини ажратиш лозим. Биринчиси: қоннинг қуюқ бўлиши; иккинчиси: қон томирларининг ёрилиб кетиши. Иккисининг ҳам даволаш усули икки хил. Уларни аниқлаш учун оғир ҳолдаги беморнинг белидан сув оламиз. Ўртача ҳолдаги бемор бўлса, “МРТ” томографиясига юборамиз. Ташхис аниқ қўйилгач, даволашни бошлаймиз.
– Гулжаҳон опа, мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур, ишларингизга зафарлар ёр бўлсин!
– Сизларга ҳам раҳмат! Юртимиз тинч, инсонлар соғлом бўлишсин!

Сабоҳат МАҲМУРЗАЕВА суҳбатлашди.

Share this Post :

Изоҳнинг ҳожати йўқ

Изоҳ ҳожат