Алоқа | Обуна

Қаерда-ки интизом бор – барака-самара бисёр!

Нима учун Кентау шаҳри, Тўлебий ҳамда Сариоғоч туманлари ўзбек этномаданий бирлашмаларининг раислари кенгаш аъзоларининг йиғилишларида иштирок этишмайди? Сайрам, Қаратау туманлари ўзбек этномаданий бирлашмаси раислари ҳам йиғилишларга кам қатнашишади. Қайси пайтгача уларнинг ўринларига ҳар йиғилишда ҳар хил одам келади? “Офарин-2018” қўшиқчилар танловида қандай камчиликлар бўлди? Мактабларга уюштирилаётган саёҳатлардан мақсад нима? “Тўйлар ва маъракалар ҳақидаги янгича ўйлар” бўйича иш олиб бориш бизга керакми?
Жорий йилнинг 9 июни куни вилоят ўзбек этномаданий бирлашмаси кенгаши аъзоларининг навбатдаги йиғилишида мана шу сингари кўплаб масалалар муҳокама қилинди.
Кун тартибидаги биринчи масалага мувофиқ, янгидан сайланган кенгаш аъзоларига: аёллар кенгаши раисасининг ўринбосари Гулчеҳра Исмоилова, спорт кенгашининг раиси Муслим Шоназаров, Туркистон шаҳар ўзбек этномаданий бирлашмаси раисининг ўринбосари Зокир Бекенов, санъаткорлар кенгашининг раиси Сайдилла Маҳмудов ва Неъматжон Алметовга гувоҳномалар тақдим этилди.
Кун тартибидаги иккинчи масалага кўра, вилоят ўзбек этномаданий бирлашмасининг раиси Бадриддин Нишонқулов жорий йилнинг 5 майидан, то 9 июнига қадар бажарилган ишлар юзасидан кенгаш аъзоларига ҳисобот берди.
Биз ҳам олиб борилган ишлар ҳақида қисқача тарзда айтиб ўтамиз. 5-6 май кунлари оқсоқоллар кенгашининг раиси Ҳусанхон Аҳмадхонов ҳамда аёллар кенгашидан Зуҳра Илёсованинг саъй-ҳаракатлари билан 70 нафар меҳмонлар Туркистон шаҳрига ташриф буюрдилар. Мақсад: тўйлар-таъзияларнинг ортиқча сарф-харажатларини қисқартириш бўйича фикр алмашиш эди.
8 май куни Буюк Ғалаба байрами муносабати билан вилоят миқёсида катта турнир ўтказилди. Унга 380 000 тенге маблағ сарф этилди. Мақтаарал туманида туман ўзбек этномаданий бирлашмасига раис сайланди: сайловда 28 овоз билан Ҳасан Собиров ғалаба қозониб, Мақтаарал тумани ўзбек этномаданий бирлашмасининг раиси этиб сайланди.
Шимкент шаҳридаги А. С. Пушкин номидаги кутубхонада Қозоғистонда Ўзбекистон йили муносабати билан учрашув ташкил этилиб, унда Тошкент шаҳридан бир гуруҳ делегация аъзолари иштирок этдилар.
21 май куни таълим кенгаши аъзолари билан биргаликда, Туркистон шаҳридаги бир нечта мактабларнинг ҳолати-аҳволи билан танишилди.
25 май куни жойлардаги “Сўнгги қўнғироқ” байрамига борилиб, спорт ва билим соҳаси бўйича ютуқларга эришган ўқувчиларга “Ташаккурнома”лар ва совғалар тақдим этилди.
26 май куни “Олтин сарой” тўйхонасида ифторлик берилди. 28-30 май кунлари яна 29 та ўзбек мактабларига борилиб, ёзги лагерлар фаолияти, ягона миллий тест (ЯМТ)га тайёргарлик ишлари бўйича маълумотлар олинди.
31 май куни Қозоғистон Халқи ассамблеясининг вилоят бўлими сессиясида ҳам раис фаол иштирок этди. “Жануб жарчилари” газетасида вилоят ўзбек этномаданий бирлашмаси фаолияти билан боғлиқ ишлар ҳақида мунтазам равишда мақолалар ёритиб борилди.
Дилдор Ҳабибова кенгаш аъзоларининг йиғилишлари сўнгги вақтларда икки соатдан ҳам кўп бўлаётганлиги сабабли, раисларнинг ой сайинги ҳисоботлари, эндиликда Бадриддин Нишонқуловга электрон тарзда юборилса — мақсадга мувофиқ бўларди, деган таклифни берди.
Жамоат ишларида фаол, шунингдек, тадбиркор Дилдор опанинг яна қўшимча қилиши-ча: Бадриддин Икромжон ўғли электрон турдаги ҳисоботлар ва келажакка тузилган режалар билан танишиб, мониторинг ишлаб чиқиши ва навбатдаги йиғилишда камчиликлар ва уларни тугатиш таклифларини бериши вақтдан унумли фойдаланишнинг бир йўли экан.
2018 йил январь-май ойлари оралиғида вилоят ўзбек этномаданий бирлашмаси томонидан ва бошқа манбалардан келиб тушган маблағларни сарфлаш бўйича ва мана шу вақт оралиғида амалга оширилган ишлар бўйича жойлардаги раислар ва ўринбосарлар ҳам ҳисобот беришди.
Ишлар қилинмаган, дейиш, албатта нотўғри, лекин ҳалиям баъзи раислар аниқ ва лўнда ҳамда вақтдан унумли фойдаланган ҳолда, ҳисобот беришга ўргана олишмаяпти.
Мазкур йиғилишда 2018 йилнинг 9 июнидан, то 14 июлигача оралиқда бўлиб ўтадиган ишлар режаси ҳам айтиб ўтилди.
Сайрам даҳасида яшаган машҳур тарихчи олим, марҳум Мираҳмад Мирхолдоровнинг хотирасига бағишлаб ўтказилган Қуръони Карим мусобақаси бўйича сўз олган Эргаш ҳожи Дўсметов айни танловнинг диний ҳамда дунёвий аҳамияти тўғрисида кенгаш аъзоларига айтиб ўтди.
– Келажакда ушбу тадбирни вилоят миқёсида ўтказсак, деган таклифлардан мен хурсанд бўлдим. Ёш авлодга Оллоҳ таолони танитиш эзгу ишдир. Ҳамюртимиз, бизнинг фахримиз бўлган Мираҳмад Мирхолдоровнинг ўғил-қизлари мана шундай эзгу ишга қўл уришгани мақсадга мувофиқ бўлди.
Қуръони Каримнинг бундай танлови, энди август ойида аёллар орасида Мираҳмад акамизнинг марҳума аёли хотирасига бағишлаб ўтказилиши кўзда тутилмоқда.
Бизлар ўғил-қизларимизга тўғри тарбия берсак, уларга ота-онанинг қадрига етишни ўргата олсак, бу – катта ютуғимиз. Умид қиламан-ки, бу каби танловлар ёшларимизга диний ҳамда дунёвий тарбия беришимизда улкан аҳамиятга эга.

Бадриддин НИШОНҚУЛОВ, вилоят ўзбек этномаданий бирлашмасининг раиси:
– Менинг ёнимга келган баъзи инсонлар кимларнидир ғийбат қилишади. Бир-биримизнинг устимиздан ёзиш, шикоят қилишни бас қилайлик, бу — яхши эмас, ахир. Одамларга камчиликларини айтсак — тезда хафа бўлиб қолишади. Аксинча, хатоликларни тўғрилаш бизга катта фойда беради-ку.
Жойлардаги баъзи раислар билан боғланишимиз жуда қийин, айримларини кўрмаганимизгаям анча бўлди. Кентов шаҳар ўзбек этномаданий бирлашмаси раиси Ҳошим ака Абдувалиевни кенгаш аъзоларининг йиғилишларида охирги марта қачон иштирок этганини кўпчилик эслай олмади. Тўлебий туманида ҳам аҳвол шу — раис қўнғироқларимиз ва “СМС”ларимизга жавоб бермайди. Ишда яхши натижа бўлиши учун, биринчи навбатда, давоматимизни тўғрилайлик.
Ҳа, дарвоқе, бу йиғилишда биз кутмаган ҳодиса рўй берди – Тўлебий тумани раиси ва унинг жамоаси томонидан олиб борилаётган ишларга, берилаётган ҳисоботларга кўнгли тўлмаган Хонариқ қишлоғи ўзбек этномаданий бирлашмасининг раиси Алишер Усмонов туманда маданият, таълим, спорт ва санъат соҳасида, шунингдек, ободонлаштириш ишлари ҳақида слайд орқали аниқ ҳисобот берди. Бундан олдин раиснинг ўрнига Тўлебий тумани ўзбек этномаданий бирлашмаси раисининг ўринбосари Анормат Османов ҳам олиб борилган ишлар ҳақида сўзлаб берганди.
Битта тумандан икки кишининг нима учун ҳисобот берганлиги туманга ташриф чоғида, албатта ўрганилади.
Маълумки, тўйлар ва маросимлардаги ортиқча исрофгарчиликларни бартараф этиш бўйича ҳозирда нисбатан жуда яхши ишлар амалга оширилмоқда. Булар ҳақида ҚР ўзбекларининг биринчи сухандони Ҳамроқул Давронбеков шундай деди:
– Пичоқни аввал ўзингга ур, оғримаса — бировга. Биз тўйларни тартиб билан ўтказишни олдин ўзимиздан бошлашимиз даркор. Масалан, мен набира қизларимга: “Никоҳ оқшомида миллий либослар кийинглар” – дегандим, улар сўзимни ерда қолдиришмади. Мана шундай қилсак “кимўзар”га тўй ўтказаётган бошқаларга ўрнак бўламиз, ҳар қишлоқда эркаклар-у аёллар тўпланиб, катта мажлислар ўтказайлик, ҳозир кўп гапиргандан кўра, жадал ишлайдиган вақт, шундагина натижага эришамиз.
Ҳа, дарвоқе, юқорида айтиб ўтганимиздай, сўздан амалга кўчамиз. Қизғин муҳокамалар ва мунозараларга бой ўтган ушбу йиғилишда ЖҚВ ўзбек этномаданий бирлашмаси оқсоқоллар ҳамда аёллар кенгашларининг “Тўйлар ва маъракалар ҳақида янгича ўйлар” мавзусидаги мажлис қарорининг нусхалари ҳаммага тарқатилди ва ушбу масала кенгашнинг навбатдаги йиғилишида муҳокама қилинадиган бўлди.
Санъаткорлар, оқсоқоллар, аёллар кенгашларининг раислари ҳам бир ой давомидаги ишлари ҳақида айтиб ўтишди. Лекин, деярли барча раислар маблағларни сарфлаш бўйича аниқ ҳисобот беришгани йўқ.
“Офарин-2018” қўшиқчилар танлови бўйича ҳисобот берган Сайдилла Маҳмудовга кўплаб саволлар берилди ва келгусидаги танловга таклифлар билдирилди. Жумладан, раиснинг ташкилий ишлар бўйича ўринбосари Гулираъно Расулова иштирокчилар айтган қўшиқларнинг муаллифлари ва куйларнинг номлари эълон этилмагани ҳақида айтса, Ал-Форобий тумани ўзбек этномаданий бирлашмасининг раисаси Нуринисо Дўсметова финалчиларнинг кийимлари бўйича танқидий фикрларини билдирди.
Таълим кенгашининг ҳузурида ташкил этилган махсус комиссия томонидан амалга оширилаётган навбатдаги ишлар юзасидан Шуҳрат Сидиқметов қисқача ҳисобот берди:
– Мактабларга бориб айландик. Мутасадди нозир (куратор)лар ҳали ўзларининг ишларини бошлаганларича йўқ, мактабларда ЯМТга тайёгарлик ишлари давом этмоқда.
Туркистон шаҳридаги Е. Иззатуллаев номли ҳамда “Чипон” мактаблари билан тажрибалар алмашиш, барча ўзбек тилли мактабларда психологик тренинглар ўтказиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. “Балли, рақобатбардош битирувчи!” ва “Оқ йўл, талаба!” анъанавий тадбирларига эса — жойлардаги ҳамма раислар ва кенгаш аъзоларининг иштирок этишлари кутилмоқда.

* * *
Йиғилиш ниҳоясида вилоят ўзбек этномаданий бирлашмасининг раиси Б. Нишонқулов келаси ойда бўлиб ўтадиган тадбирлар учун раисларга пулларни тарқатди.
Уч ярим соат давом этган йиғилиш Турсунхўжа ота Хонхўжаевнинг фотиҳасидан сўнг, якун топди.

Эътибор САЙФИДДИН қизи.

Share this Post :

Изоҳнинг ҳожати йўқ

Изоҳ ҳожат