Алоқа | Обуна

ҚАДАМИНГ ҚУТЛУҒ КЕЛСИН, ЯНГИ ЙИЛ!

Азиз юртдошлар, газетамиз муштарийлари! Сизларни кириб келаётган Янги йил байрами билан чин қалбимдан табриклаб, оилаларингизга тинчлик-осойишталик, бахт-саодат, ишларингизга омадлар-муваффақиятлар тилаб қоламан!
Ҳаммангизнинг яхши ниятларингиз, эзгу орзуларингиз, қутлуғ режаларингиз ташриф буюраётган йилда амалга ошишига тилакдошман.
Янги йилни бутун дунё халқлари ўзгача шукуҳ ҳамда интизорлик билан кутишади. Соат миллари 00:00ни кўрсатиб, бонг урган паллада ҳамма янгидан ташриф буюрган навбатдаги йил билан бир-бирларини табриклаб, яхши ниятлар қилишади. Қалбининг бир чеккасида мўъжизага умид қилишади. Кузатилаётган санага шукроналар айтишади.
Келинг, яхшиси, юртдошларимизнинг ушбу йил қандай кечганлиги, уларнинг эришган ютуқлари ҳақида юритган сўровномамизни ҳукмингизга ҳавола этамиз.

Манзура АТОХЎЖАЕВА, Шимкент шаҳри, Бодоморти (Забадам) даҳаси, терапевт шифокор:
– Авваламбор,“Жануб жарчилари” ҳақидаги ижобий фикрларимни билдирсам: мазкур газетани яхши кўриб мутолаа қиламан, келаси сонларини интиқлик билан кутаман.
“Сўз сўрайман!”, “Фойдали маслаҳатлар”, “Саломатлик” саҳифалари ҳамда бошқа қатор долзарб рукнлари асосида бериладиган мақолаларни севиб ўқийман. Газета ходимларига, ижодкорларига омадлар тилаб қоламан…
Кузатаётган йилимиз мен учун, қолаверса, ҳамкасбларим учун ҳам жуда яхши ўтди, десам янглишмайман. Иш фаолиятим бир маромда ва самарали кечди.
4 нафар неварам бор. Шуларнинг қизиғи билан ҳаёт кечирмоқдаман. Кириб келаётган йилда режаларимиз, мақсадларимиз жуда кўп. Худо хоҳласа, ҳаммасига бирма-бир эришамиз, деган ниятдаман.
Янги йилни кутиб олишга келсак — оиламиз даврасида, невараларим, фарзандларим қучоғида нишонлайман. Невараларим турли шеърлар айтишади, қизиқарли ўйинлар уюштиришади, ўз қўллари билан ясаган совғаларини тақдим этишади. Менимча, бундан ортиқ бахт бўлмаса керак…
Кези келганда юртдошларимизни, ҳамкасбларимни, яқинларимни Янги йил байрами билан астойдил табриклайман! Барчангизга, авваламбор, тани-жони соғлик, тинчлик-осойишталик ҳамроҳ бўлсин. Ватанимиз бундан-да гуллаб-яшнайверсин!

Умсиной МАННОПОВА, Е. Иззатуллаев номли мактабнинг қозоқ тили ва адабиёти муаллимаси:
– Кириб келаётган Янги йил ҳаммангизга бахт, омад келтирсин, оилаларингиз тинч, ишларингиз бундан ҳам ривожли бўлсин. Нимаики тилакларингиз бўлса, рўёбга чиқсин!
“Жануб жарчилари” жуда ажойиб газета, бунинг учун ушбу матбуот нашрининг ижодкорларига ташаккурларимни айтаман, ходимларининг ишларига омадлар тилайман.
Эски йил мен учун ҳам, ҳамкасбларим, қолаверса, мактабимиз учун ҳам жуда омадли йил бўлди, десам муболаға бўлмайди. “Улағат төс белгісі” медали билан тақдирландим. Мактабимиздаям анча ижобий ўзгаришлар бўлди.
Бу йил амалга оширилмай қолган юмушларимизни Янги йилда пухта ўзлаштирамиз, деган мақсадларимиз бор.
Оиламдан кўнглим тўқ — фарзандларим уйли-жойли, халқ орасида ўз обрў-эътиборларига эга инсонлар.
Келаётган йилга режаларимиз бисёр. Биринчи навбатда, ёш авлодга ҳормай-толмай билим бериб, ўқувчиларимизни, шогирдларимизни халқаро мақомларда, даражаларда кўрамиз, деган умиддаман.
Барчангизга янгича бахт, янгича ҳаёт, янгича омад, янгича муҳаббат тилаб қоламан. Ишларингиз бундан-да ривожли бўлсин!
* * *
Дарҳақиқат, интиқ кутаётганимиз сана йилига бир мартагина нишонланадиган мўъжизавий байрам. Байрамни қаерда кутиб олишингиздан қатъий назар, эзгулик ва хуш кайфият доимо сизларнинг ҳамроҳларингиз бўлаверсин.
Ватанимиз тинч, халқимиз омон, осмонимиз мусаффо бўлсин!

Сарвиноз САТТОРҚУЛОВА,
мухбир.

Share this Post :

Изоҳнинг ҳожати йўқ

Изоҳ ҳожат