Алоқа | Обуна

Абдулла ҚОДИРИЙ – ўзбек модернчи ижодкори?!

Улуғ ёзувчи ҳамда унинг буюк романи ҳақида суҳбат

* * *
Энди «Жадидлар юриши» масаласига келадиган бўлсак, бизга ушбу ҳаракатни америкалик таниқли тарихчи ҳамда тадқиқотчи Адиб Холид ҳаққоний тарзда номлаганидек — «Қарама-қаршиликларнинг ҳамда ўзгаришларнинг маданий тонги» сифатида тавсифлаш маъносида тушунтириб келишади. Аслида жадидлар ҳали сиёсат майдонига чиқмасларидан илгариям Қўқон хонлигида айрим ўзгаришлар юз бера бошлаганлиги тўғрисида ишончли далиллар мавжуддир.
Девин де Виз ва Бахтиёр Бобожонов сингари кечмиш тадқиқотчилари «Марказий Осиё, то жадидлар келиб, уни қутқармагунига қадар 200 йил жаҳолатда ҳамда зулматда яшаган» – дейилган иддаоларнинг асоссиз эканлигини исботлаш учун анча-мунча меҳнат қилдилар.
Мен ҳозирги пайтда Қўқон хонлигининг кўчманчи ва ўтроқ аҳолиси гуруҳларининг ўртасидаги ўзаро муносабатларга бағишланган мақола устида иш олиб бораяпман. Мана шу жараёнда билдим-ки, Қўқон мухтор (автоном) республикаси раҳбарларидан бири – Мустафо Чўқаев қозоқ миллатига мансуб бўлган экан. Ҳа, Қўқон мухторияти ўзининг замонавий мусулмон мамлакатига айланиш йўлидаги охирги уриниши даврида унинг йўлбошчилари турли миллатларнинг вакилларидан иборат эди.
«Хўш, мана шундай эврилишларнинг амалга оширилишида жадидчиликнинг аҳамияти қандай эди?» – деган ҳаққоний савол келиб чиқади. Унга ижобий жавоб қайтариш қийин бўлса-да, жадидлар ҳар хил кишиларга ўша замон руҳини намоён этишлари учун имконият яратиб қўйдилар, дейиш мумкин. Улар Марказий Осиё минтақаси учун, эндиликда ҳам умуммиқёсий ва муҳим бўлган қадриятларни қўллаб-қувватладилар. Жадидлар, шунингдек, ислоҳотларнинг талабгорлари ҳамда янгиланишларнинг тарафдорлари бўлганликлари учун ҳам, кейинги тузумдаги қирғинлар ва қатағонларнинг ноҳақ қурбонларига айландилар.
Шундай қилиб, биз «жадид» истилоҳини Марказий Осиё ҳудудларида XIX асрнинг ўрталарида вужудга келган ва XX асрнинг бошларидаям фаолият кўрсатган ижтимоий феноменнинг номи сифатида қўллаймиз. Яна шуни таъкидламоғимиз зарур-ки, жадидчилик ҳаракати Марказий Осиё ҳудудларидаги мустамлакачиликка қарши курашувчи бошқа гуруҳлар билан ҳамкорликда фаолият олиб борган.
Ўша даврларда ҳаётда муносиб ўрин эгаллаш ҳамда яшаб қолиш учун курашган кўплаб ижтимоий «тоифалар»нинг орасидаги муносиб ўрнини белгилаш учун Абдулла Қодирийниям ислоҳотчи-жадидларнинг сафларига дадил киритишимиз мумкин. Биз мазкур истилоҳни тарихдаги маълум бир муддатни тасвирлаш мақсадида қўллаймиз.
Абдулла Қодирийдан ташқари, Абдулҳамид Чўлпон билан Абдурауф Фитрат ҳам жадидчилик ҳаракатининг фаол аъзолари ва илғор тарғиботчилари бўлишган. Бироқ уларнинг ҳар қайсиси ўзининг мустақил мафкуравий муддаосига эга эди.
Яна юқорида тилган олганимиз Адиб Холидга мурожаат этадиган бўлсак, у уқтиради-ки: Абдурауф Фитрат ислоҳотчи жадидларнинг энг улкани эди. Унинг асарлари кескин ҳамда ўткир, шу билан биргаликда, авангардистик ғоялар ифодачиси ҳисобланарди. Абдулҳамид Чўлпон эса, ўзининг ижодидан ташқари, Уильям Шекспирнинг «Отелло» трагедиясини ўзбек тилига муваффақиятли таржима қилганлиги билан ҳам танилганди!
Менинг назаримда, Абдулла Қодирийни, дастлаб чор мустамлакаси, кейинчалик совет тузуми оқибатида бой берилган яқин кечмишнинг «хотиралари ҳамда йўқотишлари» ғоясини илгари сурганлиги, ана шу мавзуда ажойиб асарлар яратганлиги учун яхши кўрадилар ва эъзоз-эҳтиром билан хотирлайдилар.
Абдулла Қодирий ҳамда у кишининг юқорида номларини санаб ўтганимиз сафдошлари замон тақозосига мувофиқ равишда, рус тилини ўргангандилар ва рус маданиятини билар ва севар эдилар. Аммо шулар билан биргаликда, инқилобдан кейинги, нуқул мустамлакачиларнинг манфаатларига хизмат қиладиган ўзгаришларни инкор қилардилар. Бу, албатта ошкора тарзда эмас, балки пинҳоний равишда намоён бўларди. Абдулла Қодирий ўзининг «Ўтган кунлар» романидаям бундай ички норозиликларини тарихий воқеалар тимсолида акс эттиргандир.
Мен айни ўринда мазкур муносабат билан, «Совет Иттифоқи зулми»ни фош айлаш фикридан йироқман. Лекин чоризм томонидан босиб олинган ва сўнгра шўролар давлати тарафидан мустамлака қилинган, кейинчалик иттифоқдош республикалар ниқобида совет ҳокимиятининг қурбонига айлантирилган Марказий Осиё жамиятлари улкан фожиаларга юз тутганиям бор гапдир.
– «Ўтган кунлар» асарининг зиёлилар ўртасида бундай даражада тез машҳур бўлиб кетишига сабаб нима? Умуман олганда, Абдулла Қодирийнинг ўзбек адабиёти ривожланишига таъсири қандай бўлган, дея ўйлайсиз?
– Ниҳоятда ўринли савол. Мен ўйлайман-ки, «Ўтган кунлар» романи, айниқса зиёлилар орасида алоҳида эътиборга ва эҳтиромга сазовордир. Албатта ушбу асарни Ўзбекистон аҳолисининг ҳаммаси билади, роман мамлакат бўйича барча мактабларда ўқиб-ўрганилади (худди Марка Твеннинг «Гекльберри Финн» китоби Америка Қўшма Штатлари ҳамма мактабларининг дастурларига киритилгани сингари).
Бироқ Отабек ҳамда Кумушнинг романтик, шунингдек, фожиали муҳаббатлари тарихидан гувоҳ бўлиш билангина чекланиб қолмасдан, «Ўтган кунлар» романининг сиёсий мазмунини англаб етмоқ ва ижтимоий моҳиятини ҳис этмоқ учун мутахассис бўлиш талаб этилади.
Ўзбек жадидлари авлодларининг вакилларидан кўплари ҳозирча ҳаётдирлар. Жумладан, Абдулла Қодирийнинг ҳам кейинги зурёдлари ўзларининг боболари яшаган уйда истиқомат қилмоқдалар.
Ўзбекистондаги санъат арбоблари, жумладан, тарихчилар, актёрлар, актрисалар ўртасидаям — XX асрнинг 20-йилларида Чўлпон таржимасидаги “Отелло” трагедиясидаги ролларни ижро этган жадидликка мансуб санъаткорларнинг невара-чеваралари мавжуд. Масалан: Қўқон шаҳрида Қўқон мухторияти ғояларининг тарғиботчиларидан бири, шаҳарда биринчи бўлиб, босмахона очган Обиджоновлар сулоласининг кейинги авлодлари истиқомат қилишади.
– Мазкур асарни таржима қилиш жараёнида ўзингиз қандай қийинчиликларга ёхуд тўсиқларга дуч келдингиз? Айни масалада сизга ёрдам кўрсатган кишилар бўлдими?
– Очиғини айтишим керак: «Ўтган кунлар»нинг таржимаси мен учун осон бўлгани йўқ — бунинг учун узоқ йиллик вақтимни сарфладим. Романнинг тили ниҳоятда мураккаб — унда эски ўзбек тилидаги сўзлар кўп қўлла-нилган. Абдулла Қодирийнинг ўзиям уни ёзишда янги тасвир услубларидан фойдаланганлиги тўғрисида таъкидлаган. У, ҳатто, романнинг бошида баъзи ана шундай мураккабчиликлар учун узр сўраган.
Мигель де Сервантеснинг «Дон Кихот» асари ҳамда Габриэль Маркеснинг романларини инглиз тилига ўгирган таржимон Эдит Гросман таржима назарияси тўғрисида менга катта кўмак кўрсатди. У айтди-ки: “Таржима қилмоқчи бўлган асарингни, дастлаб яхшилаб ўқиб чиқ, унинг мазмун-моҳиятини англаб ет. Энг муҳими, муаллифнинг асосий мақсад-муддаосини тўлиқ етказиб бера олишда”…
Мен мазкур жараёнда қатор Ғарб адибларининг «Ўтган кунлар»нинг айрим қисмларини ўгирган вариантлари билан танишдим. Аммо уларда миллийлик руҳи мутлақо сезилмайди, жумлалар, қандайдир, шекспирчасига тузилган. Таржимонлик соҳасида бундай усулларни қўллаш эса, хато эканлиги кўпчиликка маълум.
Абдулла Қодирий, биринчи навбатда, ҳажвиётга мойил ижодкор, шу билан биргаликда, у кўча тилини ҳамда сарой мулоқотлари тилини романида кенг ҳамда мақсадга мувофиқ равишда қўллайди. Замонавийчасига баҳо берадиган бўлсак: у ҳам модернчи, ҳам реалист қаламкаш. Мана шунинг учун ҳам, Абдулла Қодирий руҳини «Ўтган кунлар»нинг инглизча таржимасида сақлаб қолиш осон эмас.
Мазкур масалада менга кўрсатилган ёрдамлар масаласида тўхталадиган бўлсам, айни борада кейинги 15 йил мобайнида ўнлаб инсонларнинг беминнат мададларидан баҳраманд бўлдим. Мен уларнинг барчасига ўзимнинг астойдил миннатдорчилигимни билдираман. Ўйлайман-ки, «Ўтган кунлар»нинг эълон этилажак инглизча нашрида ушбу кишиларнинг исм-шарифлари қайд этилади.
Мен Абдулла Қодирий ҳамда унинг «Ўтган кунлар» романини ўгиришга киришишимдан олдин, ўзбек китобхонларининг ўзлари мазкур муаллиф ва айни асарга қандай муносабатда эканликларини билмоғим даркор бўлганди. Буям ўзим учун қийин муаммолардан биттаси эди ҳамда уни ҳал этишдаям менга кўмакка келган инсонлар анча-мунча топилди.
Юқорида эслатиб ўтганимдек, Абдулла Қодирий ўзининг айни асарида фойдаланган ўзбек тили замонавий ўзбек тилидан бармунча фарқ қилиб, унда ўша даврнинг руҳи уфуриб туради. «Ўтган кунлар»нинг мазмун-моҳиятини тушуниб етишим учун Вашингтон университетида бизга оз-моз ўргатилган эски турк тили ва форс тили ҳамда юзаки эса-да билганим араб тили қўл келди.
Абдулқосим мадрасасининг мударриси Абдулазиз Муҳаммадкаримов мазкур исломий олий ўқув даргоҳидаги манбалардан фойдаланишимга изн олиб берганлиги учун ушбу инсондан хурсандман. «Ўтган кунлар»нинг таҳрир қилинган ҳамда босиб чиқариш учун тайёрланган нусхаси нашр этилган 1948 йилда у ҳали ёш ўсмир бўлган экан. Ушбу инсоннинг мазкур роман билан боғлиқ бўлган кўплаб таассуротлари ва мулоҳазалари бор эди-ки, уларни эсласам, ҳозир ҳам тўлқинланиб, ҳаяжонланиб кетаман.
Мазкур муносабат билан мен икки нафар муҳаррир – Умида Ҳикматуллаева билан Умида Ҳошимовага алоҳида миннатдорчилик билдираман. «Ўтган кунлар»нинг таржимаси жараёнида уларнинг қилган хизматлари салмоқли бўлди.
– Сизнинг «Ўзбек модернчиси» лойиҳангиз, фақат Абдулла Қодирийнинг адабий меросига бағишланадими ёхуд бошқа йўналишларниям қамраб оладими?
– «Ўзбек модернчиси» лойиҳам – бисёр яхши ва эзгу режаларимни амалга ошириш борасидаги интилишим ҳисобланади. Менинг Марказий Осиё мамлакатлари бўйича 23 йиллик ҳар хил тажрибаларим бор. Эндиликда ўзимнинг тўплаган ана шу тажрибаларимни бошқа қизиқувчи ҳамда манфаатдор кишилар билан баҳам кўришни хоҳлайман ва ушбу ниятимга эришаман, деган умиддаман.

Диёр ДИЛЁР таржимаси.

Share this Post :

Изоҳнинг ҳожати йўқ

Изоҳ ҳожат