Алоқа | Обуна

2017 йил омад келтирган талабалар

Шоҳмурод Молайханов.

Фан ва техника ривожланиб, давлат томонидан ёшларнинг билим олишлари учун зарур шарт-шароитлар яратилиб, фан тармоқлари ривожлангани сари, юртимиздаги билимдон ва доно талабалар сони тобора ўсиб бормоқда. Шулар қаторидан жой олган фаол студентлардан бири — Жанубий Қозоғистон вилояти, Сайрам тумани, Қорабулоқ қишлоғида таваллуд топган Шоҳмурод Анорхон ўғли Молайхановнинг талабалик йилларида эришган ютуқларига бироз ойдинлик киритсак.
Шоҳмурод Молайханов дастлабки 9 йиллик ўқишини ўз қишлоғидаги Ҳамза номидаги 77-сонли тўлиқсиз ўрта мактабда (ҳозирда ўрта мактаб бўлган) тамомлаган. 10-11 синфларни эса, Ҳамза номидаги 3-сонли умумий ўрта мактабда аъло баҳоларга ўқиб, имтиёзли битирди ва “Қизил аттестат” олди.
Шоҳмурод кейин бор билимларини сарфлаб, ягона миллий тестда ўзини синаб кўрди ва 119 балл тўплади. Ўз зукколиги ва етуклиги эвазига у Алмати шаҳридаги С. Д. Асфендияров номидаги қозоқ миллий тиббиёт университетига ўқишга қабул қилинди. Ҳозирда Шоҳмурод ушбу университетнинг 5-курс талабаси.
Бу университет даргоҳида беш йил мобайнида таҳсил олиб келаётган Шоҳмуроднинг эришган ютуқлари мўл. У ҳозирги кунда Алмати шаҳридаги ўзбек этномаданият жамоат бирлашмаси қошида ташкил этилган “Ёш қанот” ташкилотининг раиси.
Яқинда Шимкент шаҳрида Қозоғистон Республикаси Тўнғич Президенти — Элбошимизнинг фонди ва Жанубий Қозоғистон давлат фармацевтика академияси томонидан “Биология, медицина ва фармация тараққиётининг келажаги” мавзуида ёш олимлар ва талабаларнинг V-халқаро илмий конференцияси ўтказилди. Бу анжуманда ўндан ортиқ чет давлатларнинг талабалари иштирок этишганди.
Жумладан, Шоҳмурод ҳам ушбу халқаро конференцияда Алмати шаҳри ёшлари номидан иштирок этди. Бунда уларнинг секциясидан 42 та бакалавр, магистрант, резидент, интернатура талабалари иштирок этишди. Улар: Тошкент, Бухоро, Уфа, Алмати, Семей, Ақтўбе, Астана, Шимкент, Қарағанди ҳамда Туркистон каби шаҳарлардан ташриф буюрган медицина ўқув юртларининг талабалари билан ўзаро баҳс юритишди.
Ушбу конференцияда Шоҳмурод Молайханов 1-ўринни эгаллади. “Энг зўр маърузачи-2017” номинацияси соҳиби аталади ва диплом ҳамда совғалар билан мукофотланди.
Ҳозирги кунгача эса, у 15 дан ортиқ халқаро илмий конференцияларга қатнашди. 3-курсда ўқиб юрганида Ўзбекистон Республикасидаги Самарқанд давлат тиббиёт институтида ўтказилган 70-халқаро конференцияда 3-ўринни қўлдан бой бермади.
Умуман олганда, у жами 30 дан ортиқ сертификатлар ва дипломлар ҳамда ёрлиқларнинг совриндори.
Шоҳмурод Москвада бўлиб ўтган илмий анжуманда ҳам фаол қатнашиб, ютуқлари устига янада ютуқ олиб келди. Унинг интернет манбаларида эълон қилинган илмий ишлари ҳам етарли.
“Илм бахт келтирар…” – деган мақолни ўзига шиор қилиб олган Шоҳмурод университети бўйича энг кучли, энг аълочи ўнликлар қаторида туради. Шу билан биргаликда, “Ёш қанот” ташкилотига раислик қилиб, ўзини ҳар соҳада фаол тутиб, олтин студентлик даврини қувончлар-у, ғалабаларга тўлдириб ўтказмоқда.
“Университетимиз талабалари жуда аҳил ва иноқдирлар!” – дея Шоҳмурод ҳар йили 2-3 маротаба ўз қишлоқдошлари, яъни қорабулоқлик талабалар билан бирга йиғилишиб, Алматининг табиат қўйнида маданий ҳордиққа чиқиб туришларини қўшиб ўтди.
Албатта бу талабалик ҳаётининг, фақатгина қисқача изоҳи, холос. Унда қанча шодликлар-у қувончлар, омадлар ва муваффақиятларнинг бўлишини, фақат чинакам студентлар билсалар керак.
Ўйлайманки, чуқур билим излаган ҳар бир талаба улкан-улкан поғоналарга кўтарилиб, катта-катта ютуқларга эришиши мумкин. Шоҳмуроднинг ютуқлари эса — бунга аниқ далолатдир.
Талабалик – олтин давр, дейдилар, шундай экан, бир студентнинг ютуқларга тўла ҳаёти минглаб тенгдошларининг ҳавасларини уйғотиб, олға интилишларига туртки бўлса — не ажаб!
Биз Шоҳмуродни 2017 йилда қўлга киритган ютуқлари билан чин дилдан табриклаймиз ва 2018 йил у учун омадли бўлишини ният қиламиз. Келажакда ўз касбининг моҳир устаси бўлиб, халққа ҳалол хизмат қилади, дея ишонамиз!

Индира ҚАЮМОВА.
Шимкент шаҳридан махсус мухбир.

Share this Post :

Изоҳнинг ҳожати йўқ

Изоҳ ҳожат