Алоқа | Обуна

20 йилликка – 20 қозон ош!

   

Сайёҳларнинг сафар таассуротлари…

Ҳар йили 6 июлда давлатимиз бўйлаб, Астана шаҳрининг куни ва Президентимизнинг таваллуд санасини нишонлаймиз. Бу йил мазкур байрамлар муносабати билан пойтахтимизда ҚР ўзбекларининг “Дўстлик” ҳамжамияти катта тадбир ўтказмоқда, дея эшитгандим. Камина ҳам ушбу байрамда қатнашишни жуда хоҳладим.
Давлатимизнинг тарихий байрамида қатнашиш иштиёқи мени Астана шаҳрига чорлади. Яна бундан 10 йил муқаддам пойтахтимизда “Дўстлик” ҳамжамиятининг собиқ раиси Раҳматжон Абдусатторов бошчилигида ўтказилган тадбирда 500 нафардан зиёд миллатдошларимиз Астана шаҳрига ташриф буюришиб, катта байрам дастурида иштирок этганликлари ҳақида бир қанча инсонлардан эшитгандим.

Минг марта эшитгандан кўра, бир маротаба кўрган афзал, деганларидай — мен ҳам ушбу тадбирда қатнашиш мақсадида ҳамкасбим Эътибор Аҳмаджонова билан пойтахтга бориш учун 56-сонли “Қизилўрда — Кўкшетов” поездига билет олдик. Шу қаторда вилоят ўзбек этномаданий бирлашмаси томонидан 20 нафар делегация аъзолари ҳам мазкур тадбирга отланишибди. 20 нафарлик делегация билан биз ҳам биргаликда 1 сутка давомида поездда Астана шаҳрига бордик.
Шаҳарнинг темир йўл вокзалига келганимизда бизни Астана шаҳри ўзбек этномаданий бирлашмаси ҳузуридаги ёшлар қанотининг раиси Сардор Равшанбек ўғли Йўлдошев кутиб олди. Меҳмонлар эрталабки нонушта қилиб олишганидан сўнг, барчаси “Абсолют” меҳмонхонасига жойлашишди. Меҳмонхонада мароқли дам олгандан кейин, ҳамма байрамга отланишди.

400 килограмм палов пойтахтликларга тортиқ этилди!

Астана шаҳрининг 20 йиллик тўйи давлатимиз бўйлаб кенг нишонланаётган фурсатларда Қозоғистон ўзбекларининг “Дўстлик” ҳамжамияти ҳам Астана шаҳри халқига ўз тадбирини намойиш этди. Шаҳарнинг марказида жойлашган талабалар истироҳат боғида ўтказилган тадбирда карнай-сурнайлар cадолари билан “Ғунча” халқ ансамбли санъаткорлари меҳмонларни кутиб олишди.
Тадбирга жамоат арбоби, Қозоғистон Республикаси Парламент Мажлисининг икки чақириқ депутати Рўзақул Холмуродов, Қозоғистон Халқи ассамблеяси раисининг ўринбосари Леонид Прокопенко, Парламент Мажлисининг депутатларидан Владимир Божко, Сауитбек Абдрахманов ҳамда Астана шаҳри ҳокимининг ўринбосари Ермек Аманшаев ташриф буюришиб, шаҳар турғунларини мазкур байрам билан қутлашди.
– Пойтахтимизнинг 20 йиллик тўйи Қозоғистонда ўтказилаётган Ўзбекистон йилига тўғри келди. Ундан ташқари, муҳтарам Президентимизнинг таваллуд санасини нишонлаяпмиз. Мазкур тадбирларни нишонлаш мақсадида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев пойтахтимизга ташриф буюрди. Дўстлигимизни мустаҳкамлашга ўз ҳиссаларини қўшаётган барча ўзбек этномаданий бирлашмаларига, “Дўстлик” ҳамжамиятининг раиси Икромжон Ҳошимжонов ҳамда Астана шаҳри ўзбек этномаданий бирлашмасининг раиси Шерзод Пўлатовга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз, – деди Леонид Прокопенко.

“Дўстлик” ҳамжамиятининг раиси Икромжон Ҳошимжонов сўз олиб, пойтахтимизнинг 20 йиллик тўйига бутун Қозоғистон ўзбеклари номидан 20 та қозонда палов тайёрлаётганликлари ҳамда 2-сонли туғуруқхонада байрамда дунёга келган 10 нафар қиз болаларга атлас кўйлаклар, 10 нафар ўғил болаларга миллий чопонлар тақдим этилганлиги ҳақида айтиб ўтди. Ундан ташқари, 400 килограмм ошнинг бир қисми шаҳардаги болалар уйига, қариялар ҳамда ногиронлар уйларига ҳам тарқатилганлиги ҳақида баён этди.
Меҳмонлар қаторида Парламент Мажлисининг депутати Фахриддин Қоратоев, республикамиздаги вилоят, шаҳар, туман ўзбек этномаданий бирлашмалари раисларидан Бадриддин Нишонқулов, Баҳром Мўминов, Шерзод Пўлатов, Қаҳҳор Дадашевлар ҳам шаҳар турғунларини ва меҳмонларни мазкур байрам билан табрикладилар.
Сайрам туманига қарашли “Ғунча” халқ ансамбли ва Кентау шаҳридан ташриф буюрган “Жозиба” гуруҳи аъзоларининг концерт дастурлари барча пойтахт меҳмонларини рақсга чорлади.
Тадбирнинг иккинчи қисми пойтахт халқига, меҳмонларга ош тарқатишдан иборат бўлди.
Тадбирдан сўнг, Астана шаҳрининг кўркамлигини, улкан иншоотларини томоша қилиш мақсадида барча меҳмонлар саёҳатга кетдилар.
“Мәнгілік ел” майдонида ташкил қилинган гала концертга биргаликда ташриф буюриб, таниқли санъаткорлардан Луқпан Жолдасов, Қайрат Нуртас, Мадина Садуақасова ва бошқаларнинг қўшиқларини тингладик. Кечги саёҳат пайтида “Байтерек” монументи атрофида айландик.

Саёҳатнинг иккинчи куни бир гуруҳ саёҳатчилар билан “ЭКСПО-2017” Халқаро кўргазмасининг биносини, “Думан” дам олиш оромгоҳини томоша қилдик. Кечги саёҳатни Ишим дарёси қирғоғида жойлашган истироҳат боғида давом эттирдик.
Астана халқининг кўплаб меҳмонлари қаторида биз ҳам сайр-у саёҳатдан мамнун бўлиб, уйга қайтиш мақсадида вокзалга отландик. 20 нафарлик делегация таркиби билан яна бош қўшишиб, поездда уйга қайтдик. 1 сутка давомида барчамиз саёҳат ва байрам таассуротлари билан ўртоқлашдик.

Ирисдавлат ҚУРБОНОВ, Кўлкент қишлоғи ўзбек этномаданий бирлашмасининг раиси:
– Вилоят ўзбек этномаданий бирлашмаси кенгашининг аъзолари билан биргаликда биз, яъни Сайрам тумани ўзбек этномаданий бирлашмасининг вакиллари Астана шаҳрининг 20 йиллигини нишонлаш мақсадида пойтахтимизга ташриф буюрдик.
Мазкур тадбирга қатнашишимизга ўз ҳиссасини қўшган Ғанишер Раимқуловга, бизга йўл кўрсатган вилоят ўзбек этномаданий бирлашмаси раисининг ўринбосари Гулираъно Расуловага ўз миннатдорчилигимни билдираман.
Байрамга биз ҳам ўзимизнинг тўёнамиз билан келдик, яъни Сайрам тумани ўзбек этномаданий бирлашмаси томонидан ҳам ош тайёрланди. Тадбирда ҳаммамиз биргаликда қатнашдик.
Биз туманимизда кўплаб байрамларни ўтказиб юрганмиз. Биз – ўзбеклар қаерда тадбир ўтказадиган бўлсак, албатта миллий либосларда бўлишимиз керак. Пойтахтимизда ўтказилган тадбирда шу камчилик бўлди, дея ўйлайман. Яъни бизнинг қизларимиз, йигитларимиз миллий либосларда меҳмонларни кутиб олишганида нур устига нур бўларди.
Тадбир давомида “Ғунча” халқ ансамблининг карнай-сурнайчилари бизга илҳом бағишладилар. Бизнинг вилоятимизда, республикамизда кўплаб санъаткорларимиз, қўшиқчиларимизни ҳам таклиф қилиб, тадбирни ундан-да кенг қилиб ўтказишимиз мумкин эди. Кейинги тадбирларда бундай камчиликларни бартараф этиб, албатта биргаликда иш юритишимиз даркор, дея ўйлайман.
Тадбирдан сўнг, ҳаммамиз Астана бўйлаб саёҳат қилдик. Ғанишер Раимқулов бизларнинг бошимизни қўшиб, дастурхон атрофига йиғди. Албатта биз бундан мамнунмиз.
Саёҳат давомида эсда қоларлиси бизнинг туманимиз ўғлони, бокс устаси Бобуржон Мўминовнинг бокс турнирига қатнашдик. Турнирда Бобуржон ғолиб бўлди. Биз, албатта бундан қувондик ва бундай ёшларимиз кўпаяверсин, деймиз.
Саёҳат давомида Астана шаҳрининг олий ўқув юртларида билим олишаётган, юқори лавозимларда фаолият юритишаётган кўплаб ёшларимиз, қишлоқдошларимиз билан дуч келдик. Шулардан Суҳроб Зайниддинов пойтахтимиздаги вилоят шифохонасида реаниматолог шифокор бўлиб ишлаяпти. Шу йигит икки кун давомида бизнинг Астана бўйлаб саёҳат қилишимизда катта ёрдам берди.
Бундай ёшларимизнинг давлатимизнинг барча шаҳарларида билим олишларида, албатта Бадриддин Нишонқуловнинг ҳиссалари кўп. Биз буни тан олишимиз керак. Чунки Бадриддин Нишонқулов Сайрам тумани ўзбек этномаданий бирлашмасининг раиси бўлганида билим соҳасида улкан ишлар юритилганди. Биз ҳам ҳайъат аъзолари сифатида бунга гувоҳ бўлганмиз.

Муҳаббат ИБРАГИМОВА, Туркистон шаҳри ўзбек этномаданий бирлашмаси ҳузуридаги аёллар кенгашининг раисаси:
– Астана шаҳрига саёҳат уюштирилаётганини эшитиб, мен ҳам қатнашиш ниятимни айтдим. Кўп маротаба Астанада бўлганман. Лекин, барибир, поездда кенгаш аъзолари билан биргаликда ҳамсуҳбат бўлиб келиш ўзгача бир ҳордиқ бағишлайди.
Астананинг 20 йиллик юбилейи муносабати билан ўтказилган “Дўстлик” ҳамжамиятининг тадбирида биз ҳам қатнашдик. Тадбир ўтказилишида тасаввурим бошқача эди. Бироз камчиликлар бўлди, кўнглим тўлмади.
2008 йили уюштирилган тадбир билан солиштирганда — ўша пайт Астана шаҳрига борганимизда ҳамма нарса режалаштирилган эди. Астанага неча кунга келган бўлсак, ҳар бир соатимиз дастури аниқ белгиланганди. 500 нафардан ортиқ меҳмонларнинг Астанага бориб келишлари, ётоқхоналари ва еб-ичишлари ҳомийлар томонидан уюштирилган эди. Раҳматжон Абдусатторов, Бадриддин Нишонқулов, Ғофур Қосимов, Икромжон Ҳошимжоновлар билан ўша тадбирни биргаликда ўтказгандик.
Бу сафар байрам дастурини ололмадик. Қаерда, қандай тадбир ўтказилаётганини ҳам билолмадик. Концерт дастури ҳам аниқ ишланмаганлигидан хафа бўлдим. Биз бундай тадбирларни республикадаги ўзбек этномаданий бирлашмаларининг раислари, аъзолари билан биргаликда пойтахтда ўтказиладиган давлат тадбирлари каби ўтказишимиз даркор эди.
Камчиликсиз иш бўлмайди. Мен мазкур байрам камчилигини айтганимдан ҳеч ким хафа бўлмасин. Шундай камчиликларни бартараф этишда ҳаммамиз бош қўшишиб ишлашимиз кераклигини айтгим келди, холос. Негаки, бирлик бўлган жойда бахт бўлади, иш бўлади.
Астананинг 20 йиллигига Ўзбекистон Республикасининг Президенти Шавкат Мирзиёев ташриф буюрди. Бу ҳам биз учун улкан ютуқ. Мазкур тарихий саналарда пойтахтимизга ташриф буюрганимдан жуда хурсандман.
Қозоғистонимиз бундан ҳам гуллаб-яшнайверсин! Элбошимизнинг боши омон бўлсин! Давлатимизнинг ривожи учун биз ҳам ўз ҳиссамизни қўшаверайлик!

Дилноза ҲАСАНОВА,
Шимкент – Астана – Шимкент.

Share this Post :

Изоҳнинг ҳожати йўқ

Изоҳ ҳожат